«Бунёдкор» стадионидаги қора анъана «Локомотив» томонидан йўққа чиқарилди

Қўшилди: 25 май 2016 14:00
Кўрилди: 1018
Комментарии: 0
«Бунёдкор» стадионидаги қора анъана «Локомотив» томонидан йўққа чиқарилди
Тошкентдаги «Бунёдкор» стадиони Осиё Чемпионлар Лигаси мусобақаси доирасида ва ниҳоят Ўзбекистон клуби томонидан урилган голга гувоҳлик қилди. Daryo.uz'нинг ёзишича, узоқ кутилган гол мазкур стадионда уй учрашувларини ўтказувчи «Бунёдкор» клуби томонидан эмас, пойтахтнинг бошқа бир клуби — «Локомотив» футболчилари томонидан урилди.
Қайд этиш керак, Осиё Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичи ва ундан кейинги плей-офф ўйинларининг «Бунёдкор» стадиони ишга туширилгандан буён ўтказилган кетма-кет 10 та беллашувида Ўзбекистон клубларига гол уриш насиб қилмаганди. Бу қора анъана «Локомотив» ҳимоячиси Ислом Тўхтахўжаев томонидан йўққа чиқарилди.
«Локомотив» клуби мураббийи Андрей Микляев «Бунёдкор» стадионидаги «Ан-Наср»га қарши ўйиндан кейин Чемпионлар Лигасининг 1/8 финали «Локомотив» стадионида ўтишини исташи ҳақида айтиб ўтганига қарамай, «Ал-Ҳилол» билан учрашувга барибир «Бунёдкор» стадиони мезбонлик қилди. Беллашув «темирйўлчилар»нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етгач Андрей Микляев чорак финал қайси стадионда ўтишини исташи ҳақида тўхталмади.