"Эрта сўнган юлдузлар" - фарзандлар хотирасида

Қўшилди: 09 май 2016 19:30
Кўрилди: 1930
Комментарии: 0
"Эрта сўнган юлдузлар" - фарзандлар хотирасида
9 май — Хотира ва қадрлаш куни арафасида «Ҳордиқ» газетаси бир қатор марҳум санъаткорларнинг фарзандлари билан учрашиб, уларнинг ота-оналари ҳақидаги хотираларини ёзиб олди. Бу ҳақда daryo.uz хабар бермоқда.

Интизор Тожибоева, қизиқчи Ҳожибой Тожибоевнинг қизи
— Отам билан боғлиқ хотираларни эсласам, худди ширин эртак тинглаётгандек бўламан. Ҳаммаси бир туш мисоли ўтди-ю кетди… Отам саҳнада қизиқчи бўлса-да, ҳаётда жуда жиддий инсон эди. Айниқса, фарзандлар тарбиясига астойдил эътибор берарди. Отамнинг уйда эканлиги биз учун ҳамиша байрам эди. Мухлислар бир сонияга бўлса-да уни тинч қўйишмасди. Отам ваъда бердими, албатта, унинг устидан чиқарди.

Одилбек Холиқов, хонанда Муҳриддин Холиқовнинг кенжа фарзанди
— Оилада бир қиз ва уч ўғилмиз. Дадамнинг эркатойлари ўзим эдим. Менга унчалик қаттиққўллик қилмасди. Аммо акам Темур дадамнинг нигоҳидан нима истаётганини биларди. У киши тартиб ва ҳурматни ёқтирарди. Ўрни келганда, ундан меҳрибон, сахий инсон топилмасди. Дадамнинг шогирдларига ҳам осон эмасди: талабчанлигига чидаш қийин эди.

Нозим Ўтбосаров, сухандон Абдумўмин Ўтбосаровнинг ўғли
— Оилада икки ўғилмиз: акам Жамшид ва мен. Отам жуда банд, телевидениенинг фидойи ходими эди. Ҳар қандай ишга улгурар, шу билан бирга, ўғил бола тарбиясига кўпроқ ота масъул, деб ҳисобларди. Отамни саҳнада кўрган инсон унинг қўлидан устачилик келишига ишонмасди. Акам билан муаммоларимизни отам билан ҳал қилардик. Сўзларимизни эшитиб, хотиржамлик билан ўз фикрларини айтарди. Бу йил акамни уйлантириш, набирали бўлишни орзу қилган эди. Афсус, бизнинг бахтимизни кўриш насиб этмади…

Умидахон Йўлдошева, хонанда Шаҳнозабонунинг қизи
— Онам операциядан сўнг тезда ўзини тиклаб олди, кайфияти ҳам ёмон эмасди. Касалхонадан бобомнинг уйига чиққан кунимиз кечагидек ёдимда. Холаларим кетишгач, онам чарчоқдан киртайиб қолган кўзларимга қараб: Нима бўлди, кайфиятинг йўқ?..», — деб сўради. Жавобимни ҳам кутмай, қўл телефонида Юлдуз Усмонованинг қўшиғини қўйиб, рақсга тушди. Она-бола мириқиб рақсга тушганимиз, елкаларига бош қўйганим, бирга узоқ вақт хаёл сурганимиз сира ўнгимдан кетмаяпти.
Ўтган йили институтга киролмадим. Хафа бўлиб, анча кунгача кайфиятим бўлмади. Ўшанда онам раҳматли: «Бу йил бўлмаса, келаси йили албатта талаба бўласан. Ҳаётда имкониятлар қайта берилади», — деб юпатган эди. Ҳозир унинг сўзларини эслаб, ҳаётда ҳамма нарсага эришиш мумкин, аммо йўқотган инсонларни қайта топиб бўлмаслигини англаяпман.

Ҳожиакбар Ҳайдаров, хонанда Нуриддин Ҳайдаровнинг тўнғич ўғли
— Оилада тўрт қиз, икки ўғилмиз. Отам раҳматли фарзандларини жонидан ортиқ кўрарди. Болалари ичида эса фақат мени концерт, тўй-хизматларга олиб борарди. Баъзан ўйинқароқлик қилиб, отам билан боришни истамасдим. Шунда у киши ширин сўз билан вазиятни юмшатарди. Ҳозир ўша дамларни эсласам: «Отам рматли санъаткор бўлишимни истаган экан-да», деб ўйлаб қоламан.

Қиличбек Мадалиев, хонанда Охунжон Мадалиевнинг фарзанди
— Отам табиатан оғир-вазмин, камгап инсон эди. Бирор марта ким биландир жанжаллашгани, оғзидан ёмон сўз чиққанини эслолмайман. Ҳовлимиздаги ижод хонасида китоб ўқиётгани ёки янги қўшиққа услуб излаб, машқ қилаётганига кўзим тушарди. Эшик олдида кузатаётганимни пайқаса, «Келинг», — деб тиззасига олиб, суйиб эркаларди.