Фош бўлган миллиардлар ёки “панама ҳужжатлари” ортида нима ётибди?

Қўшилди: 19 апрел 2016 12:00
Кўрилди: 1447
Комментарии: 0
Фош бўлган миллиардлар ёки “панама ҳужжатлари” ортида нима ётибди?
Ўтган ҳафтада дунё миқёсидаги шов-шувга сабаб бўлган воқеалардан бири “Панама ҳужжатлари”нинг ошкор этилиши бўлди. Мазкур можаро ўнлаб давлат раҳбарлари, сиёсатчилар, санъаткор ва спортчиларнинг оффшор ҳудудларда йўлга қўйган яширин бизнесларини оммага ошкор қилиб қўйди. 
Оффшор бизнес  нима дегани?
Ҳар бир инсон – у сиёсатчими, санъаткорми, спортчими – бой бўлишга, кўпроқ бойлик тўплашга ҳақли. Бойликни тўплашнинг ўзи бўлмайди. Айниқса, солиқ юки ҳар қандай инсонни ўйлантириб қўяди. Қани энди энди кўпроқ пул топиб, камроқ солиқ тўлашнинг имкони бўлса?
Оффшор сўзининг луғавий маъноси “қирғоқдан узоқда” деганидир. Дунёдаги оффшор ҳудудлар айнан ана шундай илинжни қондириш мақсадида очилади. Яъни у ерда ўз бизнесини, корхонасини очган одам муайян солиқ имтиёзларига эга бўлади. Бундай ҳудудлар антик даврда қадимги Юнонистон ва Римда ҳам мавжуд бўлган. Савдогарлар учун солиқ миқдори камайтирилган савдо нуқталарига тожирлар оқиб келаверган. Асрлар ўтгани сайин бизнеснинг бу тури ҳам такомиллашиб борган.
Яъни камроқ солиқ олиш эвазига кўпроқ ва бойроқ одамларни ўз бозорингга таклиф этасан ва шу баҳонадада каттароқ фойда кўрасан. Янаям соддароқ қилиб тушунтириш учун қадимий бир ривоятни эслаш жоиз: Бозорда бир косиб ўз маҳсиларига жуда кам нарх қўйиб, жуда катта фойда кўраркан. Яъни бошқалар  битта махсига 10 танга фойда қўйиб, бир кунда атиги иккита махси сотса,  у икки танга фойда қўйиб 20 та махси сотаркан. Яъни бошқалар бир кунда 20 танга фойда кўрса, у 40 танга даромад қиларкан. 
Гарчи бугунги кунда айрим мамлакатлар тижоратнинг  бу турига қарши чиқаётган бўлса, дунёда оффшор ҳудудлар ҳамон ишлаб турибди. Айрим давлатлар ўзини бутунлай оффшор ўлка  сифатида эълон қилган. Марказий Америкадаги Панама Республикаси ҳам ана шундай ҳудудлар сирасига киради.
“Касалини яширсанг...”
Бу мамлакатда ўнлаб сиёсатчи ва машҳурлар ўз сармоясини турли кўринишда расмийлаштириб, бойлиги ва сирлари ишончли қўлларда эканидан бамайлихотир ўз ишларини қилиб юришганда, бирданига интернет оламида  Панаманинг Mossack Fonseca юридик компанияси архивида турган яширин маълумотлар яшин тезлигида тарқала бошлади. 
Мутахассислар фикрича, ушбу архив 1977-2015 йилларга оид ҳужжатларни ўз ичига олган бўлиб, унинг умумий ҳажми 11,5 миллион файл ёки 2,6 террабайтни ташкил этади. Бу архивда юзлаб таниқли шахслар, сиёсатчилар, санъат ва спорт юлдузлари, шунингдек 12 нафар амалдаги ва собиқ давлат раҳбарларига оид яширин маълумотларни ҳам учратиш мумкин. 
Ушбу 2015 йилнинг бошларида архив номаълум манбадан Германиянинг Süddeutsche Zeitung  газетаси ходимлари қўлига тушиб қолади. Улар Американинг Журналистик текширувлар бўйича халқаро консорциум (International Consortium of Investigative Journalists-ICIJ) шафелигида бу ҳужжатларни бир йил давомида ўрганиб чиқишди. Жорий йилнинг 3 апрель куни эса, мазкур ҳужжатлардан олинган маълумотлар ошкор этила бошланди. Бироқ, ҳужжатларнинг ҳажми жуда катта. Бу архивга тўғридан тўғри интернет орқали киришнинг имкон йўқ. Аммо, бу “хазина”нинг калити энди журналистларнинг қўлида. Яъни истаган пайтларида, исталган маълумотни фош қила оладилар.
Фош бўлган миллиардлар
Норасмий тарзда “Панама архиви” ёки “Панамагейт” номини олган бу можаро кўплаб давлат раҳбарларининг оромини ўғирлади. Ушбу фахрий рўйхатдан жой олган сиёсатчилардан бири  Исландия бош вазири Сигмундур Давид Гюнлёйгссон эди. Унинг ҳам  давлатга тегишли 4 миллион долларни айнан мазкур оффшор зонада сармоя сифатида киритгани маълум бўлгач, мамлакатда унга нисбатан норозилик намойишлари бошланди. “Эс борида этагини ёпиш”ни афзал билган Гюнлёйгссон муддатидан ўз ихтиёри билан истеъфо берди. 
Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон ва унинг отаси Иэн Кэмронннинг ҳам оффшор ҳудудда катта миқдордаги капитали борлиги маълум бўлди Reuters маълумотларига кўра, Лондондаги солиқ  идоралари  ота-боладан мазкур ишга оид тегишли ҳужжатларни талаб қилишган. Агар улар солиққа оид инглиз қонунларини бузгани аниқланса, Кэмеронлар оиласи каттагина молияий зарар кўриши тайин.
Mossack Fonsecaнинг фош бўлган  ҳужжатлари Испания солиқ хизматининг ҳам пайтавасига қурт туширди. Чунки, “қора  рўйхат”да қирол  Филипп IV дан тортиб. “Барселона” ҳужумчиси Леонель Месси ва кинорежиссёр Педро Альмодоварагача машҳурларни топиш мумкин.
“Панама ҳужжатлари”дан Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва унинг оила аъзолари ҳам ўрин олган. Мазкур ҳужжатларга асосланган ҳолда Алиевнинг икки қизи Лайло ва Орзунинг номида миллиардлаб доллар ҳисобидан ўлчанадиган компаниялар номи ошкор этилди. Бироқ, мамлакат қонунларига кўра, Президентнинг фарзандлари тадбикорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин ва ўз маблағини қаерда, қандай ишлатишни тадбиркорнинг ўзи ҳам қилади. 
Укранина Президенти Петр Порошенко ҳам ушбу ўзининг ширинликлар ишлаб чиқарувчи “Рошен” компанияси орқали бу рўйхатдан ўрин олган. Маълум бўлишича, у компанияси активларининг катта қисмини “оффшор-ҳудуд”даги компанияларга сотиб, шу орқали давлатдан солиқни яширишда айбланмоқда. 
ФИФАни ҳам тинч қўйишмади
Панамагейт можароси бир қатор нуфузли ташкилотлар, хусусан ФИФАни ҳам четлаб ўтмади. Мазкур ҳужжатларда Халқаро футбол федерациясининг янги президенти Жанни Инфантино ишкал ишларга аралашиб қолгани акс этган. Жумладан у УЕФАда ишлаган пайтида  чемпонлар лигаси ўйинларини намойш этиш ҳуқуқини аргентиналик тадбиркорлар Уго ва Мариано Хинкисларга сотган. Улар эса, бьу товарни уч баравар қимматига бошқа телекомпанияга  пуллашган. Гап шундаки бу ота-бола тадбикорларга тегишли бўлган Cross Trading компанияси ҳам айнан оффшор ҳудудда рўйхатдан ўтказилган. Бинобарин Панамагейт ҳужжатлари орасида ФИФА раҳбарининг ҳам имзоси учрагани бу борада шов-шувга сабаб бўлди. 
Экспертлар фикрича бу ўринда ФИФА раҳбари ҳеч қандай ноқонуний иш қилмаган, балки қонуний ҳужжатга имзо чеккан ҳолос. Чайқовчилик ка қўл ургна ота-бола Хинкиснларнинг хатти-ҳаракатларига Инфантинонинг алоқаси йўқ. Айни пайтда АҚШда ота-болага нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Бу иш қандай якун топиши ҳозир қоронғилигича қолмоқда.
Мақсад нима ўзи?
Ҳали журналистика тарихида том маънодаги бундай “қиммат” ҳужжатларнинг ошкор этилиши кузатилмаган экан. Хўш бундан мақсад фақат газетанинг тирадини ошириб, у орқали катта пул ишлаш холосми? 
Агар кенгроқ фикр юритилса-чи? Айрим экспертлар бу ўринда журналистларнинг шунчаки ижрочи эканини баён қилмоқда. “Панама ҳужжатлари”да АҚШ фуқароларнинг бошқаларги нисбатан сезиларли даражада камлиги шубҳа уйғотади. Ҳолбуки, дунённг энг бой ва машҳур инсонлари асосан шу давлатда яшайди. Бу рўйхатда Россия маъмурлари, айниқса президент Путинга яқин инсонларнинг борлиги вазиятни бир мунча ойдинлаштиради. 
Айрим мутахассислар бу можаро айнан Россияга қарши уюштирилганини ошкора эътироф этишмоқда. Хуллас... қолганини вақт кўрсатади.
Манба: Darakchi.uz