Ер ларзага келганда... биологик даракчилар ва сўнгги талофатлар ҳақида

Қўшилди: 14 март 2016 10:00
Кўрилди: 1888
Комментарии: 0
Ер ларзага келганда... биологик даракчилар ва сўнгги талофатлар ҳақида
Қадимдан одамлар содир бўлиши мумкин бўлган зилзилаларни олдиндан айтиш ва хавф хатарларнинг олдини олишга ҳаракат қилишган. Аммо шу вақтгача содир бўлган саноқли зилзилаларгина  олдиндан айтилган.
Норасмий маълумотларга кўра, ҳар йили Ер юзида ўртача 1500 атрофида зилзила юз беради. ЮНЕСКО маълумотларида, кейинги юз йил ичида зилзила ва довул туфайли 2 миллион нафардан ортиқ киши ҳалок бўлгани қайд этилган. БМТнинг Табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича халқаро стратегияси маълумотларига кўра, XXI аср бошидан буён содир бўлган барча табиий офатлар орасида салбий оқибатлари кўплиги бўйича айнан зилзилалар юқори ўринда. Сўнгги йилларда Покистон, Индонезия, Туркия, Перу, Чили, Гаити, Италия, Япония ва Непалда содир бўлган ер қимирлашлари натижасида юз минглаб кишилар ҳаётдан кўз юмди, миллионлаб кишилар бошпанасиз қолди...
МОЗИЙГА ҚАЙТИБ
Милоддан аввалги III асрда Хитойда ер қимирлашини аниқловчи дастлабки асбоб (сейсмограф) ихтиро қилинган. Европа антик даври намоёндалари Демокрит, Аристотел ва бошқалар эса асарларида ер қимирлаши қандай юз бериши ҳақидаги ўз қарашларини илмий ва назарий асослашга уринишган. Абу Али Ибн Сино ҳам ўзининг «Китоб аш-шифо» асарида ушбу табиат ҳодисаси ҳақидаги фаразларини келтириб, ернинг турли ҳудудларида зилзиланинг силкиниш кучи ва қайтарилиш даври турлича бўлишини баён қилган. 
ЗИЛЗИЛАНИ ОЛДИНДАН БИЛИШ МУМКИНМИ?
Зилзиланинг қачон содир бўлишини олдиндан айтиб бериш масаласи ҳозиргача дунёнинг бирорта мамлакатида узил кесил ҳал бўлгани йўқ. Шунга қарамай Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ғ.Мавлонов номидаги Сейсмология институтида ана шу йўналишда кўзга кўринарли муваффақиятларга эришилган. Шулар жумласига 1973 йилда бир гуруҳ сейсмолог олимларимиз москвалик касбдошлари билан зилзила вақтини олдиндан айтиб бериш йўналишида илмий кашфиёт муаллифлари бўлишган. Бундан ташқари 1970-1980 йиллар  бир қатор зилзилаларни олдиндан аниқ айтиб берилди. Булар орасида 1978 йил 2 ноябрда содир бўлган Олой зилзиласи алоҳида таҳсинга сазовор.  
БИОЛОГИК ДАРАКЧИЛАР ҲАҚИДА
Маълумотларга кўра, ҳайвонот дунёси зилзилани олдиндан сезиш қобилиятига эга. Уларни фанда зилзиланинг биологик даракчилари дейишади.
Ҳайвонот дунёсининг баъзи вакиллари кучли зилзилалардан олдин безовта бўлиши, хатто ўз эгаларини муқаррар ўлимдан қутқариб қолганликлари ҳақида хабарлар қадим замонлардан маълум.
ХХ асрга келиб ер қимирлашини олдиндан аниқлаш борасида олимлар замонавий фан-техника ютуқларига таянган ҳолда, маълум натижаларни қўлга киритишди. Ҳайвонларнинг ўзини тутиши, радиоактив газларнинг ажралиб чиқиши, ер ости сув оқимлари каби бир қатор табиат хавф-хатаридан огоҳлантирувчи белгилар сирасига электромагнит радиация ҳам киритиладиган бўлди. Зилзилалар олдидан радиосигналлар тарқатишини биринчи бўлиб Калифорниядаги Стенфорд университетининг Фазо Телекоммуникациялари ва Радио Фанлари лабораторияси олими Энтони Фрейзер-Смит кашф қилди.
«New Scientist» журналида келтирилишича, баъзи зилзилалардан олдин олимлар Ердан электромагнит импулслар ажралиб чиқиши, ионосферада электромагнит тўлқинланишлар пайдо бўлиши ва сайёранинг тўйинган газларидан иборат нозик қобиғи 80 дан 1000 километргача кенгайишини кузатган. 
ЗИЛЗИЛА ВАҚТИДА...
Кучли зилзилалар одамнинг руҳиятига албатта таъсир ўтказади. Масалан, 7-8-9 баллик ҳудудларда кўпчилик ваҳимага тушади. Ер силкинишлари такрорланганида аҳоли орасидаги ваҳима янада кучаяди. Аввало, бу ҳодиса вақтида қандай ҳаракат қилиш кераклиги ҳақида маълумотга эга бўлиш лозим. Шу боис бугун сизга айрим муҳим тавсияларни беришга қарор қилдик…
Зилзила вақтида ким қаерда бўлишига қараб ҳаракат қилган маъқул. Зилзила тўсатдан юз беради, ногаҳонда ларзага солади. Бу пайт кўп қаватли бинода бўлсангиз, ағдарилиши мумкин бўлган уй-жиҳозларидан четланинг. Силкиниш кучайганида чиқиш имкони бўлмаган ҳолларда хона бурчакларида туринг. Албатта, ёнғин чиқиш хавфи бўлган нуқталарни эсдан чиқарманг. Лифтдан фойдаланманг. Бир қаватли бинолардан дарҳол ташқарига чиқиш керак, бунга улгурасиз. Кучли зилзила бўлганида ҳам, бошланишидан то уй қулаб тушгунига қадар камида 30-40 сония вақт ўтади. Кўчада бўлсангиз баланд иморатлар ва симёғочлардан узоқ туриш лозим.
Бинодан чиқиш йўлини олдиндан белгилаб қўйиш керак. Ер силкиниши ярим тунда ҳам юз бериши мумкинлиги ҳеч қачон ёдингиздан чиқмасин. Оила даврасида зилзила вақтида вужудга келиши мумкин бўлган вазиятни таҳлил қилинг ва уйингиздаги хавфсиз жойларни олдиндан белгилаб олинг, бу хонанинг асосий деворлари орасидаги бурчаги, ички эшиклар ўрни, стол, кроват ва бошқа жиҳозлар ости бўлиши мумкин.
Уйнинг хавфли жойлари: ички ваташқи дераза остилари, деворларнинг ойна билан қопланган қисмлари, айниқса юқори қаватлардаги бурчакда жойлашган хоналар, лифт ва зинапоя майдончалари бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиш керак.
Оила аъзолари ва болаларга хавфсиз жойни эгаллашни ўргатиш зарур. Осон алангаланувчи моддаларни махсус жойларда сақланг.
Энг аввало, саросимага тушмаслик, осойишталик ва хотиржамликни сақлаш жуда муҳим. Ер қимирлаганда хотиржамлик ва ақл билан иш кўрсангиз талофатсиз чиқишингизга кўпроқ имконият бўлади.
Агар ҳар бир оила фавқулодда вазиятларга тайёрланиш йўналишида кичик қадамларни қўйиб борса, биз жамиятимиз миқёсида табиий офатлар оқибатини камайтирган бўламиз.
ЎЗБЕКИСТОН СЕЙСМИК ФАОЛ ҲУДУД
Ўзбекистон сейсмик фаол ҳудудлар сирасига киради. Маълумотларга кўра, Тошкент ер куррасида зилзила хавфини илмий ўрганиш бошланган дунëдаги илк шаҳарлардан биридир. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида сейсмология марказлари мавжуд ва улар мунтазам ердаги ўзгаришларни кузатиб боришади.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳудудида 2016 йилнинг дастлабки икки ҳафтаси давомида интенсивлиги 2 баллдан юқори бўлган камида олти зилзила сезилди. Мутахассисларнинг қайд этишича, кузатилаётган кучсиз зилзилалар тўпланиб қолган ортиқча кучланишларни тарқатиш билан боғлиқ одатий жараёндир. Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудуди тектоник жиҳатдан Осиё—Ўртаер денгизи сейсмик камарининг марказий қисмида жойлашган. Мазкур камар ҳозирги вақтда фаоллашув босқичида бўлиб, тахминларга кўра, фаоллик 2018 йилга қадар давом этади. Осиё—Ўртаер денгизи камарининг аввалги фаоллашуви 1971—1988 йилларда кузатилган.
ЎЗБЕКИСТОН ҲУДУДИДА ЭНГ КУЧЛИ ЗИЛЗИЛА 9 БАЛЛГА ТЕНГ БЎЛИШИ МУМКИН
1966 йилдаги зилзила баҳорда такрорланиши мумкинми? 
Барча мессенжерларда тарқалган шу каби миш-мишларга ойдинлик киритиш мақсадида Qalampir.uz нашри Сейсмология институтининг “Регионал сейсмиклик ва сейсмикрайонлаштириш лабораторияси” мудири, профессор Турдиали Ортиқовга мурожаат қилди.
“Тошкентда, 1860 ва 1880 йилда 6,4 ва 6,7 магнитудали зилзилалар содир бўлган. Ўшанда Тошкент зилзиласидан бир неча баробар кучлироқ силкинишлар кузатилган. Ундан кейин эса 1936 йилда кучли зилзила, 1966 йилда Тошкент зилзиласи, 1980 йилда Назарбек зилзиласи бўлди. 2008 йилнинг август ойида эски шаҳар майдони яқинида 6-7 баллик зилзила бўлиб ўтди. Бу каби зилзилалар ҳудудимизнинг тектоник ҳаёти, яъни ер қобиғининг ҳаракатидан ҳосил бўлади. Такрорланиши ҳақидаги гап-сўзлар эса маълум қисқа статистика асосида айтилган маълумотлар, холос. Минг афсуски, уларни аниқ билиш имконияти чекланган. Яна бир жиҳати шундаки, бизнинг ҳудуддаги зилзилаларнинг энг кучлиси неча баллга тенг бўлади, деган саволга аллақачон жавоб топилган. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кучли зилзила 9 баллга тенг бўлиши мумкин. Шунинг учун қурилиш жараёнларида сейсмик харитага алоҳида эътибор қаратилади.” 
Шоҳ ЖАҲОН тайёрлади