Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси халқаро майдонда 100-ўйинини ўтказади

Қўшилди: 13 март 2016 20:40
Кўрилди: 1199
Комментарии: 0
Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси халқаро майдонда 100-ўйинини ўтказади
Жорий йилнинг 15 март куни Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси Осиё Чемпионлар Лигаси 3-тури доирасида Тошкентда Эроннинг «Тракторсози» клубига қарши баҳс олиб боради. Бўлажак ўйин «Пахтакор» учун халқаро майдондаги 100-беллашувга айланади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда. 
Ҳозиргача «Пахтакор» Осиё клублари ўртасидаги мусобақаларда 99 ўйинда майдонга тушишга улгурди. Шулардан 83 тасини тошкентликлар Чемпионлар Лигасининг ҳозирги форматида, қолган 16 тасини эса Осиё клублари чемпионати ва Кубок эгалари Кубогида ўтказган.
«Пахтакор» клуби халқаро майдонда ўтказилган ўйинларнинг 43 тасида ғалаба қозониб, 18 марта дуранг ўйнаган ва 38 учрашувда мағлубиятга учраган. Тошкентликлар рақиблар дарвозасига 158 та гол киритиб, 143 маротаба ўз дарвозаларидан тўп ўтказиб юборган.
Халқаро майдонда ўтказилган ўйинлар кўрсаткичи бўйича «Пахтакор» Ўзбекистон клублари орасида пешқадам бўлиб, юзлик маррани биринчи бўлиб босиб ўтадиган клубга айланади.
Маълумот ўрнида, Осиё Чемпионлар Лигаси 2-туридан сўнг «Пахтакор» жамоаси «C» гуруҳида 1 очко тўплаган ҳолда 3-ўринни эгаллаб турибди.