Япониялик олимлар янги турдаги динозавр аниқланганини тасдиқлади

Қўшилди: 29 феврал 2016 20:00
Кўрилди: 1378
Комментарии: 0
Япониялик олимлар янги турдаги динозавр аниқланганини тасдиқлади
Япониялик палеонтологлар Фукуи префектурасида жойлашган Кацуяма шаҳри яқинида янги турдаги динозаврнинг қолдиқлари топилганини тасдиқлади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда. 
Фукуи университети ва Палеонтология музейи ходимлари хулосасига кўра, қолдиқлар 120 миллион йил олдин яшаган икки оёқли йиртқич тероподлар кенжа отрядига мансуб динозаврга тегишли.
Профессор Еити Адзуманинг сўзларига қараганда, бу Япония ҳудудидан топилган еттинчи динозавр скелетидир.
Динозаврларнинг янги тури бўйин умуртқаларининг бошқа тероподларга хос бўлмаган тузилиши туфайли Fukuivenator paradoxus – «Фукуилик парадоксал овчи» деб номланди.
Ўз турдошларига нисбатан, пат билан қопланган динозаврнинг танаси унча катта бўлмаган. Унинг оғирлиги тахминан 25 килограмм, узунлиги эса 2,5 метр бўлган.
Тахминларга кўра, бу тур бошқа тероподлар қушларга айлана бошлаганида яшаган, аммо у эволюцияда қушлар босқичига ўта олмаган.