Райҳоннинг 2016 йилги концерти: плюс ва минуслар

Қўшилди: 24 феврал 2016 19:00
Кўрилди: 1943
Комментарии: 0
Райҳоннинг 2016 йилги концерти: плюс ва минуслар
23 февраль куни хонанда Райҳоннинг «Истиқлол» санъат саройидаги 27 февралга қадар давом этадиган концерт дастури бошланди. Концертнинг биринчи кунида меҳмон бўлган журналист Феруз Муҳаммад шоу-дастурнинг ютуқ ва камчиликлари ҳақидаги ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Плюслар
«Бунёдкор» метросидан чиқишингиз билан «Райҳоннинг концертига ортиқча чипталар бўлса, олиб қоламиз», деб юрган «очиқ осмон остидаги кассирлар»ни кўриб, «Райҳоннинг шоусига билетлар талаш экан», деган фикрга бориш мумкин. Бундай «кассирлар»ни Озодбек Назарбеков, Шаҳзода, Ботир Қодиров кабиларнинг концертлари вақтида ҳам кўрганмиз, лекин улар асосан сарой олдида бўларди, Райҳон концерти учун эса «касса» метрога қадар чўзилибди.
Райҳоннинг Миср маликалари кўринишида юқоридан тушиб келишини мухлислар давомли қарсаклар билан кутиб олди. Раққосаларнинг ҳар бир рақсга пухта тайёргарлик кўрганликлари ва Райҳон уларга муносиб бошчилик қилганини эътироф этиш жоиз — бирор жойда номига бўлса-да адашиш бўлмади.
Райҳон «Истиқлол» санъат саройидаги концерт дастурларига янгилик олиб кирди — Райҳон кийим алмаштириш учун ғойиб бўлганида, сўзни бошловчи, қизиқчи, кулгу жамоалари ёки шунга ўхшаган бошқа чиқишларга бермади, аксинча, саҳнага ўрнатилган катта мониторда унинг қўшиқ ва видеолари кетма-кет бериб турилди.
Райҳон бу галги шоуда аксарият қўшиқларини жонли куйлашни режалаштираётгани ҳақида олдиндан айтган эди. Саҳнада 5-6 чолғучи ва 2 бэк-вокалга кўзимиз тушди. Кўплаб тароналар жонли куйлангани ҳам ойдинлашди. Баъзи қўшиқлар фонограммада, баъзилари тўлалигича жонли куйланди.
Шоу-дастурнинг нафақат ҳар дақиқаси, балки ҳар сонияси ҳисобга олингани таҳсинга сазовор ва бу ойлаб тинимсиз меҳнат қилингани далилидир.
«Жавоб бер» таронасидан кейин Райҳон яна саҳнадан ғойиб бўлди. Катта экранда эса бахтли, кулгули, зерикарли, кутилмаган ёзувлари остида келин ва куёвларнинг ҳар хил қизиқарли расм ва видеолавҳалари намойиш этила бошланди. Шу вақтда «Келибди» таронаси билан ўзбек тўйларидаги жараёнлар акс этган видео қўйилди. Бу видеодан кейин Райҳон саҳнада пайдо бўлиб, илк бор синглиси Насибанинг тўйида куйлаган «Келинчак» қўшиғини ижро этди. Ундан сўнг хонанда: «Дунёда болаларнинг қадрига етмайдиган инсонлар ҳам бор», дея: «Бола — Худонинг совғаси» номли қўшиқни куйлади.
«Гар сен ёнимда бўлсанг» таронаси ва унга ишланган рақс ҳам таҳсинга лойиқ. Шу қўшиқдан сўнг Райҳон яна саҳнадан йўқолди, бу вақтдаги раққосалар томошаси ва «оғзида мусиқа чаладиган йигит»нинг ижроси томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. Таъбир жоиз бўлса, бу чиқиш учун олқишлар Райҳон чиқишларидан ҳам юқори бўлди.
«Доимо ёнингда мен бўлай», «Сен орзуга ишон», «Қаердасан» тароналарига ҳам ажойиб рақслар ва декорациялар ишланган. Сонияларгача ҳаммаси ҳисобга олинганини яна бир бор таъкидлаш жоиз.
«Дилимо» қўшиғининг таниқли хонандалар, мухлислар айтган видеолавҳаси экранда намойиш этилган вақтда Райҳон саҳнада йўқ эди, «яна кийим алмаштирмоқчи», деб ўйлашимиз билан, у саҳнада пайдо бўлиб, қўшиқни ўзи куйлади. «Дилимо» шоунинг сўнгги қўшиғи бўлди.
Дастур 1 соат 37 дақиқа — 21:00 гача давом этди. Мухлислар шоуни премераси узоқ кутилган фильм намойишидек томоша қилишди. Бу шоу кўп вақт тиллардан тушмаслиги аниқ. Келаси йил дастури 5 кун эмас, 10 кун давом эца ҳам ажабланмаслик керак.

Минуслар
Мухлисларнинг тартибсиз ҳаракатлари сабаб, «Истиқлол»нинг ичига кириш бироз мушкул бўлди. Дастур 19:00 да бошланиши керак эди, аммо белгиланганидан 23 дақиқа кеч бошланди.
«Ўзбек» деб номланган қўшиқдан сўнг Райҳон саҳнани бўм-бўш қолдириб, нисбатан узоқ вақт ғойиб бўлди.