Ўзбекистоннинг энг қиммат футболчилари рейтинги тузилди

Қўшилди: 19 феврал 2016 10:25
Кўрилди: 1569
Комментарии: 0
Ўзбекистоннинг энг қиммат футболчилари рейтинги тузилди
«Sports.uz» нашри «Transfermarkt.de» порталида Ўзбекистон терма жамоаси футболчиларига қўйилган нархлар асосида ўзбекистонлик энг қиммат футболчилар ўнлигини тузиб чиқди

9—10. Фозил Мусаев – 400 минг евро
Эроннинг «Сепахон» жамоасида тўп сураётган Мусаевнинг нархи 400 минг евро этиб кўрсатилган. Фозил ўз клубининг энг қиммат футболчилари рўйхатида 7-ўринда турибди. Мусаевнинг нархи ўтган йилгидан ўзгармаган.

9—10. Анзур Исмоилов – 400 минг евро
Хитойнинг «Чангчунг Ятай» клубида ҳаракат қилаётган Исмоиловнинг нархи ҳам 400 минг еврони ташкил этмоқда. «Чангчунг»да Анзурдан қиммат бўлган фақатгина икки футболчи бор.

7—8. Александр Гейнрих – 500 минг евро
31 ёшли Сашанинг нархи ярим миллион. Қозоғистоннинг «Ордабаси» клуби шарафини ҳимоя қилаётган Гейнрих жамоанинг 4-рақамли қимматбаҳо футболчиси бўлиб турибди. Ҳужумчининг нархи бундан кейин пастлай бошласа ажаб эмас.

7—8. Азизбек Ҳайдаров – 500 минг евро
Ҳайдаровнинг нархи ўзгармади. БААнинг «Аш-Шабоб» жамоасида ўйнаётган Азизнинг ҳам нархи Гейнрихники сингари 500 минг евро этиб белгиланган. У ўз жамоасидаги энг қиммат футболчилар рўйхатида 3-ўринни банд этиб турибди.

5—6. Санжар Турсунов – 1 миллион евро
«Transfermarkt.de» порталида Турсуновнинг нархи ўтган йилгига қараганда 200 минг еврога арзонлашганини кўриш мумкин. Аммо 29 ёшли ярим ҳимоячининг бу йил Украинанинг «Ворскла» жамоасидан Қатарнинг «Ум Салал» клубига 1,7 миллион еврога трансфер қилингани ҳақида маълумот берилганди.

5—6. Игнатий Нестеров – 1 миллион евро
Ўзбекистон терма жамоаси тарихида энг кўп учрашув ўтказган дарвозабон Нестеровнинг нархи олдинги йилгидек 1 миллион евролигича қолган. Тошкентнинг «Локомотив»и дарвозасини қўриқлаётган Игнатий Осиёнинг энг қиммат посбонлари ўнлигидан жой олгани ҳам диққатга сазовордир.

3—4. Сервер Жепаров – 1,3 миллион евро
Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган Жепаров 1,3 миллион еврога бахоланган. Сервер бу йили Жанубий Кореянинг «Ульсан» жамоасидан Тошкентнинг «Локомотив» клубига кўчиб ўтди.

3—4. Сардор Рашидов – 1,3 миллион евро
Рашидовнинг нархи 1 йил ичида 9 баробарга кўпайди. Қатарнинг «Ал Жаиш» жамоасида тўп сураётган 24 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячи ўз клубидаги энг қиммат футболчилар рўйхатида 4-ўринни банд этиб турибди.

2. Виталий Денисов – 7 миллион евро
Туркия ва Италия клублари қизиқиш билдирган Денисовнинг трансфери 7 миллион еврога баҳоланган. Россиянинг «Локомотив» клуби шарафини ҳимоя қилаётган Виталийнинг нархи ўтган йили билан солиштирганда 1 миллионга ошган. Аҳамиятли жиҳати «темирйўлчилар»да Денисовдан қиммат фақатгина бир футболчи бор, холос.

1. Одил Аҳмедов – 8,5 миллион евро
Аҳмедов мана бир неча йилдирки ўзбекистонлик энг қиммат футболчи номини бегона қилмай келмоқда. Россиянинг «Краснодар» клубида фаолият юритаётган Одилнинг нархи 8,5 миллион еврога тенг. 29 ёшли ярим ҳимоячи ўз жамоасида энг қиммат футболчилар орасида 3-ўринда қайд этилган.