Самвел Бабаян: "Ироқ кучли жамоа, аммо уни мағлуб этишимиз шарт"

Қўшилди: 16 январ 2016 13:00
Кўрилди: 1810
Комментарии: 0
Самвел Бабаян: "Ироқ кучли жамоа, аммо уни мағлуб этишимиз шарт"
Футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян Қатарда давом этаётган U-23 Осиё чемпионати гуруҳ босқичи навбатдаги тур учрашувлари доирасида 16 январь, шанба куни Ироққа қарши кечадиган ўйин олдидан «Uff.uz» сайтига интервью берди. Суҳбат аввалида чемпионат гуруҳ босқичи 1-туридаги Жанубий Кореяга қарши кечган учрашув яна бир бор ёдга олинди. 

— Козак ва Фомин марказий ҳимоячи эмаслиги айтилган бўлса-да, ҳар иккиси ҳам бу чизиқда аввалдан ўйнаб келгани, ўйнаганда ҳам кўнгилдагидек ҳаракат қилганини айтишим лозим. Тўғри, улар ҳар доим ҳам бу чизиқда ҳаракат қилмаган, аммо бу қарорни қабул қилишга мажбур бўлдик. Агарда Одил Ҳамробеков ва Бобур Йўлдошев борасида муаммо пайдо бўлмаганда, ҳимоядаги хатолар бу қадар оғриқли бўлмас эди.
— Жанубий Корея терма жамоаси ҳужумдаги ўйинимизни яхши ўргангани кўриниб қолди. Бунга қарши кейинги ўйинларда қандай тадбир қўллайсиз?
— Жанубий Кореяга қарши кечган учрашув фақат натижа томонлама кўнгилсиз бўлди, аммо футболчиларим намойиш этган ўйинга асло эътироз билдира олмайман. Биз кучли рақибга қарши ўйнадик, аммо ўз вақтида прессинг қўлладик ва улар аввалдан ўйлаб қўйган режаларини амалга ошира олмади. Улар ўзлари одатлангани сингари 10 дақиқалаб тўпни назорат қилолмади. Агар ҳакамнинг ўта қўпол хатолари бўлмаганда бу ўйин қандай натижа билан якунланиши баҳсли масала эди. Албатта, мағлубиятда ҳакамни айблаш тўғри эмас, аммо унинг хатолари бевосита ўйин натижасига таъсир ўтказса-чи? Ўзингиз ҳам кўрдингиз, ўйиндан кейин ўтказилган матбуот анжуманида ўзимни аранг босиб турдим.
— Токайгача ҳакамлардан жабр кўриш мумкин? Қачон биз ҳам расман эътироз билдиришни ўрганамиз?
— Бу борада кўнглингизни тўқ қилишингиз мумкин. Ҳакам борасида ОФКга мурожаат қилинди. Насиб қилса, ҳаммаси яхши бўлади.
— Ироқ билан бўладиган ўйин ҳақида нима дея оласиз?
— Бу ўйинда ютишимиз шарт. Тўғри, рақиб кучли, аммо нима бўлмасин, натижага эришиш шартлигини ҳаммамиз яхши тушуниб турибмиз.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Ироқ олимпия терма жамоалари ўртасидаги U-23 Осиё чемпионати «C» гуруҳи 2-тур учрашуви 16 январь, шанба куни Тошкент вақти билан 21:30 да бошланади.