Кашф этилган кайфият

Қўшилди: 22 декабр 2015 11:00
Кўрилди: 2060
Комментарии: 0
Кашф этилган кайфият
Агар сиз смайликлар худди ғилдирак каби бутун инсоният ихтироси деб ўйласангиз, адашасиз. Унинг ўз муаллифи бор. Илк бор кулаётган сариқ юзни америкалик рассом Харви Болл чизган. Смайликлар (smile - табассум сўзидан олинган) деганда,интернетда тиниш белгилари, ҳарф ва сонлардан ташкил топиб, туйғуларни ифода этувчи белгилар тушунилади.
Қандай пайдо бўлган?
90-йиллар бошида Америкада йирик суғурта компанияларининг бирлашуви содир бўлган. У жуда оғриқли кечиб, ходимларга салбий таъсир кўрсатган. Эртанги кунга бўлган ишончсизлик ходимларни жиззаки, маъюс ва тушкун қилиб қўйган. State Mutual Life Assurance Cos. Of America компанияси вакиллари ўз ходимларининг руҳиятини кўтаришни мақсад қилишади. Бунинг учун ўзига хос реклама акцияси уюштирилади.
Ёрқин, ёдда қоладиган тимсол яратиб бериш учун 1963 йилда Харви Боллга мурожаат этишади. Боллнинг кейинчалик тан олишича, уни чизишга бор-йўғи 10 дақиқа вақт кетган. Иш учун унга 45 доллар ҳақ тўлашган ва бу рассомнинг смайликлар учун олган ягона ҳақидир. У ўз ихтиросини савдо белгиси сифатида рўйхатдан ўтказиш, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишниям хоҳламаган. Унинг ўғли Чарльз Боллнинг айтишича, отаси “Ҳеч қачон пуллар билан муомала қилолмаган. У одатда, “Мен бир вақтнинг ўзида фақат битта бифштекс ея оламан ва икки автомобилни бирданига бошқара олмайман”, дерди”.
Даромад келтирган қиёфалар
Илк смайлик тўғноғичга беркитилиб, ходимлар ва компания мижозларига тарқатилган. Улар жуда оммалашиб кетган. У шу қадар одамларга ёққанки, кўп ўтмай, компания яна 10 мингта смайликка буюртма беради. Бироқ ҳақиқий машҳурлик 1970 йилларда испаниялик ака-укаларнинг смайлик учун “Have a Happy Day” сўзини ўйлаб топганидан кейин келган. Бундай шиорли табассум кўп ўтмай эмблема, табрикнома, футболка ва бейсболкаларда пайдо бўла бошлайди. Табиийки, ҳеч ким муаллифлик ҳуқуқи ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган, АҚШ почта хизмати эса, Болл смайлиги маркасини ҳам чиқара бошлайди.
1971 йилда франциялик ишбилармон Франклин Лоуфрани кулаётган чеҳрани савдо белгиси сифатида 80 дан ортиқ давлатда рўйхатдан ўтказиб, бу тимсолни у 1968 йилда Парижда ихтиро этганлигини айтади. Лоуфрани Smiley Licensing корпорациясига асос солиб, бир неча йилда бутун дунёда анча-мунча бойлик тўплаб олади. Болл Лоуфранига ҳеч қанақа даъво қилмайди, лекин бу ишни бошқалар қилишади. Охир-оқибат бундан чарчаган Болл ўз табассумини рўйхатдан ўтказиб, унга ўз номини киритиб қўяди.
Болл ўз ихтироси ҳақида баландпарвоз нутқлар қилишни ёқтирарди. “Ҳали инсоният тарихи ва санъатда бундай кенг тарқалган, одамларга бахт, қувонч ва завқ бера оладиган асар ихтиро қилинмаган. У жуда оддий, лекин ҳаммага бирдек тушунарлидир”. Анча ёшга бориб қолган Харви Болл ердаги ўз вазифасини аниқ биларди, у бахтнинг халқаро элчиси бўлиб, ҳатто бахт байрамини ўйлаб топади. Бу 1 октябрь - Халқаро Табассум кунидир. Болл, йил давомида бир кун бўлиб, айнан шу кун “яхши кайфият ва эзгу ишларга бахшида этилиши ва у “Яхшилик қилинг. Биргина табассумга ёрдам беринг” шиори остида ўтказилишини истаган.
Болл жуда яхши инсон бўлган. Унинг фарзандлари отаси ҳеч қачон унга тегишли бўлган сурат орқали миллионлаб маблағлар йиғиб олган одамларга нисбатан нафрат ҳиссини туймаганлигини эътироф этишади. У 2001 йилнинг 12 апрелида 79 ёшида оламдан ўтади.
Бутун жаҳон кулганда
Харви Болл томонидан асос солинган “Жаҳон кулгуси корпорацияси” (“World Smile Corporation”)ни унинг ўлимидан сўнг, ўғли Чарльз бошқармоқда. У ушбу марканинг ким томонидан ва қандай мақсадларда ишлатилаётганини диққат билан кузатиб боради. “Бизнинг вазифамиз, Harvey Ball Signature Smiley маркаси остида маҳсулотлар яратиш, сотиш ва уни лицензиялаштиришдир.”
Харви Боллнинг имзоси маҳсулот ҳақиқийлигини кафолатлайди. Энг муҳими шундаки, World Smile Corporationга келаётган фойда солиқлар тўлангандан сўнг, хайрия ишларига сарфланади. “Биз бутун дунёдаги болаларга ёрдам берамиз. Смайликларни ишлатадиган ҳеч қайси корпорация бундай қилмайди.”
НАВБАҲОР тайёрлади