Равшан Комиловга жавоб: “Индамадим”

Қўшилди: 13 декабр 2015 15:00
Кўрилди: 2429
Комментарии: 0
Равшан Комиловга жавоб: “Индамадим”
Хонандалар журналистлик қилганда биз журналистлар хонандалик қилолмаймизми? Қўлимиздан келади, албатта. Қуйида Равшан Комиловнинг “Индамади” таронасига жавоб.
Индамайман, дейман-у, лекин сўнгги пайтларда хонандаларимизнинг фаоллигини изоҳлашга қалам ожизлик қилмоқда. Телевизор пультини қўлимга олиб, бир каналга қўйсам, бир гўзал хонандамиз чиқиб қўшиқ куйлаяпти. Санъатига қойил дедим-у, кейинги каналга қўйдим. Буни қарангки, бу каналда ўша аёл хонанда овқат пиширяптилар. Ҳа, яхши, ошхонада ҳам пазандага ўхшайди, қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Яна бошқа каналга олсам, ишонмайсиз, яна ўша хонанда кинода рол ижро этяпти... Ҳайратда қолмасликнинг иложи йўқ, хонандаларимиз шунчалар фаолми ёки... ҳа, майли...
Индамадим.
Актёрлик-ку ҳеч гап эмас, аммо журналистларимиз ёппасига космосга учиб кетган кўринади. Эрталаб юлдуз хонанда спорт машқларини ўргатса, кечга бориб, яна бошқа хонанда инглиз тилидан дарс беряпти. Буям майли-ку, яна қайсидир бир кўрсатувда хонандалар бир биридан интервью оляпти. Иштирокчи ҳам, меҳмон ҳам ҳофизларнинг ўзлари. Бунақаси ҳали телевидение тарихида бўлмаган-ов, майли, нима ҳам дердим... 
Индамадим.
Хонандалар бир-бирларидан интервью олишлари-ку майли, тароналарига ишланган клипларда ҳам бош ролларда бир қанча хонандалар рол ижро этмоқда. Ўзлари қўшиқ куйлаб, тасвирда ҳам ҳамкасбларини олиб чиқиб, эртага томошабин ҳам ёлғиз ўзлари бўлиб қолишмаса эди, дердим-у...
Индамадим.
Кинопремьерада кино муаллифи - режиссёр ҳам хонанда, бош ролда ҳам ўзи, уни телеканалга тақдим этиб, фильм ҳақида фикр билдираётган бошловчи ҳам шахсан хонандаларнинг ўзлари. Гап бўлиши мумкин эмас...
Индамадим.
Актёрларни йўлда, журналистларни доғда қолдириб кетаётган хонандаларимиз шоирларнинг ҳам нонини яримта қилишга улгуришибди. Не кўз билан кўрайки, энди хонандаларимиз куйлашдан ғазал ва шеър ўқишга ҳам ўтишибди. Бир сўз айтишга тил ожиз.
Индамадим.
Кўрсатув, кино, тароналар майли-ку, реклама-чи? Рекламада ҳам бош қаҳрамон хонанда бўлса, сиз нима дейсиз, билмадим-у, лекин мен...
Индамадим.
Ошхонада ҳам, спорт майдонида ҳам, телешоу ва телеўйинлар иштирокчилари ҳам улар... Топдим, об-ҳаво маълумотлари қолиб кетибди. Энди соябон кўтариб чиқиб, бугун ёмғир ёғади ёки қуёш чиқади, деб синоптик хабарларни ҳам хонандаларимизнинг ўзлари эълон қилиб қўйишса, демоқчи бўлдим-у, яна индамадим...
Анора СОДИҚОВА