«Бизнесни юритиш» рейтингида Ўзбекистон 16 поғона юқорилади

Қўшилди: 28 октябр 2015 13:05
Кўрилди: 2009
Комментарии: 0
«Бизнесни юритиш» рейтингида Ўзбекистон 16 поғона юқорилади
Жаҳон банки гуруҳи 27 октябрь куни «Бизнесни юритиш 2016: бошқарув сифати ва самарадорлигини баҳолаш» маърузасини эълон қилди, деб ёзади «Газета.uz». Унда Ўзбекистон 189 та давлат ичида ўтган йилги 103-ўриндан 16 поғона — 87-ўрингача кўтарилди. 
Ҳисоб бўйича ўн учинчи «Бизнесни юритиш» маърузасида тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш имконини берувчи ва уни чекловчи ҳуқуқий меъёрлар баҳоланади. Таҳлил хусусий корхоналар ҳаётий циклининг 11 та соҳаси бўйича олиб борилди, булар: корхоналар ташкил этиш, қурилиш учун рухсат олиш, электр таъминотига уланиш, хусусий мулкни рўйхатдан ўтказиш, кредит олиш, миноритар инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, солиқ солиш, халқаро савдо, шартномалар бажарилишини таъминлаш ва корхоналарнинг солиқ тўлай олмаслик ҳолатини ҳал этиш.
Ўзбекистон кредитлар олиш, хусусий мулкни рўйхатдан ўтказиш, корхоналарни рўйхатдан ўтказиш, солиқ солиш соҳаларида кўрсаткичларни яхшилаган бўлса, аксинча, электр таъминоти тизимига уланиш, қурилиш учун рухсат олиш, халқаро савдо бўйича пастроқ натижалар кўрсатган. Шартномалар бажарилишини таъминлаш ва солиқ тўлай олмаслик ҳолатини ҳал этиш кўрсаткичлари бўйича эса рейтингдаги ўрни ўзгармади.
Тадбиркорлик фаолияти учун қулай шароитлар бўйича дунё рейтингида кетма-кет ўн йилдан буён Сингапур етакчилик қилмоқда. Юқори ўнталикка, шунингдек, Янги Зеландия, Дания, Корея Республикаси, Гонконг (Хитой), Буюк Британия, АҚШ, Швеция, Норвегия ва Финляндия кирди.