Ўзбекистонлик уч нафар боксчи ЖЧнинг бронза медалига сазовор бўлди

Қўшилди: 13 октябр 2015 12:15
Кўрилди: 1820
Комментарии: 0
Ўзбекистонлик уч нафар боксчи ЖЧнинг бронза медалига сазовор бўлди
Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида якунига етиб бораётган бокс бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ярим финалнинг барча учрашувлари ўтказилиб, финал жанги қатнашчилари маълум бўлди. 12 октябрь оқшомида рингга кўтарилган ўзбекистонлик уч нафар чарм қўлқоп устасининг барчаси рақибларига имкониятни бой берди, деб хабар қилади «Оламспорт».
Аввалига 60 кг. вазн тоифасидаги Элнур Абдураимов кубалик рақиби Лазаро Алваресга 0:3 (27:30, 27:30, 27:30) ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Шундан сўнг 81 кг. вазндаги терма жамоа етакчиси Элшод Расулов ирландиялик Йозеф Уорд билан тенгма-тенг кечган баҳсда мағлубиятга учради. Жанг мобайнида ўзбекистонлик спортчи қошидан олган жароҳати сабаб икки бор шифокорларга мурожаат қилишига тўғри келди. Якунда ҳакамлар 29:28, 29:28, 29:28 ҳисобида ғалабани Уордга тортиқ этди.
Ўзбекистонликлардан сўнгги бўлиб рингга супероғир вазн тоифасида Баҳодир Жалолов кўтарилди. У қозоғистонлик таниқли боксчи, Лондон олимпиадаси бронза медали совриндори Иван Дичкога 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди ва бронза медали билан тақдирланди.
Демак, ҳал қилувчи финал жангларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Муроджон Аҳмадалиев (-56 кг.), Фазлиддин Ғоипназаров (-64) ҳамда Бектемир Мелиқўзиев (-75) жаҳон чемпионлиги учун рингга кўтарилади. Финал жанглари 14—15 октябрь кунлари ўтказилади.