2014 йилдан Жиззахда лифт ишлаб чиқарилади

Қўшилди: 28 ноябр 2013 10:32
Кўрилди: 17202
Комментарии: 0
2014 йилдан Жиззахда лифт ишлаб чиқарилади
Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 27 ноябр куни Ўзбекистон ва Хитой ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди. 
 
Тадбирда Ўзбекистон ва Хитойнинг ташқи иқтисодий алоқалар, банк-молия, машинасозлик, авиасозлик, юқори технологиялар, тўқимачилик ва енгил саноат, авиаташув, энергетика, нефть ва газ, экспорт-импорт, қурилиш маҳсулотлари ҳамда вагон ишлаб чиқариш, фармацевтика, қадоқлаш, савдо-саноат, сармоя, транспорт ва транспорт коммуникациялари, электр техникаси, кимё саноати, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, дастурий таъминот,  мебелсозлик, кончилик, сайёҳлик ва логистика каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
 
Хитой Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий ҳамкорлари орасида етакчи ўринни эгаллайди. Мамлакатларимиз ўртасида икки томонлама ҳамкорликни кенг кўламда қамраб олган бир юз етмишдан ортиқ халқаро-ҳуқуқий ҳужжат имзоланган.
 
Ҳар йили мамлакатимизда 3 миллиард доллардан кўпроқ, асосан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилмоқда. Бу эса чет эллик сармоядорларнинг, хусусан, хитойлик ишбилармонларнинг мамлакатимиз иқтисодиёти барқарорлиги, уни ривожлантириш истиқболларига қизиқиши ҳамда ишончи ортиб бораётганидан далолатдир.
 
Ўзбекистон билан Хитой ўртасида иқтисодий соҳада энг кўп қулайлик яратиш тартиби амал қилмоқда. Ўзаро савдо айланмаси барқарор ўсиб бораётир. Икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 2012 йилда 3,4 миллиард АҚШ долларига етди. 2013 йилнинг тўққиз ойи якунларига кўра, мазкур кўрсаткич 3,5 миллиард доллардан ошди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 60,8 фоиз кўпдир.

Ўзбекистонда Хитой сармояси иштирокида тузилган 488 қўшма корхона фаолият юритмоқда. Юртимизда Хитойнинг етмишдан зиёд компанияси ваколатхонаси ишлаб турибди.
 
Хитой компаниялари юртимиздаги углеводород конларини қидириш ва қазиш ишларида фаол иштирок этаётир. Жумладан, Хитой Миллий нефть-газ корпорацияси (CNPC) нафақат истиқболли углеводород конларини қидириш ва ишга тушириш, балки Муборак газ-кимё мажмуасида табиий газни чуқур қайта ишлаш лойиҳасини амалга оширишда ҳам қатнашмоқда.
 
“Жиззах” махсус индустриал зонасида Хитой ишбилармонлари билан ҳамкорликда мобиль телефонлар, қурилиш материаллари ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
 
Ўзбекистонда хорижий тадбиркорларнинг бизнес юритиши учун  қулай имкониятлар, истиқболли сармоявий муҳит яратилган – деди Хитойнинг “Yangzhou Sanxin Mining Equipments” компанияси бош директори Жин Чжоу ЎзА мухбирига берган интервьюсида. –  Шу боис турли йўналишларда ўзаро манфаатли қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда ва бутун Марказий Осиё минтақасида лифтга катта талаб мавжуд. Шуларни ҳисобга олиб, 2014 йилда “Жиззах” махсус индустриал зонаси ҳудудида юқори сифатли лифтлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ниятидамиз.
 
Тадбирда Хитойнинг етакчи фирма ва компанияларидан кўплаб  ишбилармонларнинг иштирок этгани уларнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, сармоя киритиш ва   узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга қизиқиши юқори эканидан далолатдир.
 
Бизнес-форум якунида турли соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга
қаратилган қатор сармоявий битимлар имзоланди.