Самвел Бабаян: "Бугун Ўзбекистоннинг янги терма жамоаси туғилди"

Қўшилди: 09 сентябр 2015 11:20
Кўрилди: 1745
Комментарии: 0
Самвел Бабаян: "Бугун Ўзбекистоннинг янги терма жамоаси туғилди"
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ЖЧ саралашида Филиппинга қарши кечган учрашувдан (5:1) сўнг ўтказилган матбуот анжуманида ўйин ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди, деб хабар беради «Uff.uz». 
- Ҳаммага хайрли оқшом. Бугунги ўйин барчага ёқди, деб ўйлайман. Учрашув кескин руҳда ўтди ва биз ўйиндан олдин ўйлаб қўйган режани юз фоиз амалга оширдик. Натижа эса адолатли, деб ўйлайман. У ўйининг боришини акс эттирди.
- Шундай ҳисоб бўлишини олдиндан тахмин қилганмидингиз? Чунки ҳисоб жуда йирик кўриниш олди.
 – Бугун биз жиддий рақибга қарши майдонга тушишга тайёрланган эдик. Гарчи ҳисоб йирик бўлса-да, Филиппин терма жамоаси яхши жамоа эканини яна бир бор айтишим лозим. Жамоа анча яхши ташкил этилган ва унда мураббийнинг қўли борлиги кўриниб турибди. Филиппин терма жамоасида яхши футболчилар бор. Биз ўйинга ҳар қанча яхши тайёрланган бўлмайлик, натижани фантастика деб айтиш мумкин.
- Футболчиларингиз сиз тайинлаган барча кўрсатмаларни амалга оширдими ёки ўйин давомида улар қандайдир янгиликлар жорий қилдими?
 – Яна бир бор айтишим лозим, футболчилар ўйинга тайёрлаб қўйган режаларни юз фоиз амалга оширди. Биз рақибни жиддий ўрганган эдик ва Филиппиннинг кучли ҳамда кучсиз томонларидан бохабар эдик. Мен бежизга ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида Филиппин таркибида кучли футболчилар борлигини айтмаган эдим. Шу жумладан рақибнинг сардори ҳам кучли эди ва биз бугун уни зарарсизлантиришга муваффақ бўлдик. Бу ҳам футболчилар олдига қўйилган вазифалардан бири эди. Худога шукр, биз бугун ўз ишимизни яхши бажардик.
- Сизнинг жамоангиз КХДРга қарши майдонга тушган эди ва бу жамоани сиз яхши биласиз. КХДРга қарши кечадиган баҳсда Филиппин терма жамоасининг имкониятларини қандай баҳолаган бўлар эдингиз?
 – Мен Ўзбекистон ва КХДР ўртасида кечган учрашувни мухлис сифатида томоша қилган эдим. Аммо терма жамоани қабул қилиб олганимдан сўнг КХДРни ҳам ўрганиб чиқдим, албатта. Шундай экан, Филиппин ва КХДР ўртасида кечадиган ўйинни анча қизиқарли кечишини айтишим мумкин. Чунки ҳар икки жамоа таркибида ҳам кучли футболчилар бор. Ғалаба эса омади келган жамоага насиб этади, деб ўйлайман.
- Нима деб ўйлайсиз, бу ғалабанинг калити тезкор гол бўлдими ёки тезкор гол урилмаганда ҳам Ўзбекистон шундай йирик ҳисобда ғалаба қозона олармиди?
– Менимча, бизнинг устунлигимиз ўйин давомида ҳам кўриниб турди. Биринчи гол эса албатта руҳий томонлама бизга ёрдам берди. Аммо биз ўйиннинг боришини назорат қилдик ва барибир гол ура олар эдик. Дарвоқе, учинчи голдан сўнг жамоа тўхтаб қолди ва танаффус вақтида жамоа билан яхшилаб гаплашиб олганимиздан кейин, футболчилар яна ўйинга қайтди. Гарчи футболчилар анчадан буён бирга ўйнаб келаётган бўлса-да, мен мураббий сифатида энди иккинчи ўйинимни ўтказдим. Шунга ишонаманки, бу жамоа кучайишда давом этади. Бугун Ўзбекистоннинг янги терма жамоаси туғилди. Бу жамоа кураша олади ва ғалабага интилиб, унга ета олади. Биз футболчилар билан янги услубни татбиқ этмоқдамиз ва бу услуб Осиёда таниқли бўлади. Ўйлайманки, кейинги учрашувларда Ўзбекистон яна-да кучлироқ ўйнайди.