Бугун Халқаро кураш куни: Бешта қитъада янграйдиган ўзбекча калом

Қўшилди: 06 сентябр 2015 20:10
Кўрилди: 2096
Комментарии: 0
Бугун Халқаро кураш куни: Бешта қитъада янграйдиган ўзбекча калом
Бугун жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида ўзбекча ибораларни қўллайдилар. Чунки миллий спорт турларимиз сайёрамизнинг турли нуқталарида оммалашиб бормоқда. Истиқлолга эришганимиздан сўнг юртимизда спортни ривожлантиришга катта эътибор қаратилди.
Натижада миллий спортимиз жаҳон миқёсида ўз ўрни ва мавқеига эга бўлди. Кураш, белбоғли кураш, "Турон" яккакураши, ўзбек жанг санъати, бел олиш кураши каби спорт турлари қайта туғилди, янгидан ташкил этилди.

МОЗИЙГА ҚАЙТИБ
Антик дунё олими муаллиф Элиан Клавид маълумотларига кўра, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида қадимги замонларда Сак, Массагет ва бошқа қабилалар яшаган. Улар ўртасида кучлар синови - кураш кенг тарқалган. Йигитлар уйланадиган бўлишса, қаллиқларини курашда енгиши лозим бўлган. Машҳур шарқшунос ва этнограф С. Толстов эса ўзбеклар ўтмишда ҳам Наврўз ва турли халқ сайилларда курашга катта аҳамият беришганини ёзади. Байрамларнинг дастлабки уч кунида кексалар раҳбарлигида кураш уюштирилган, эл томошага чиққан. Кўпгина археологик материалларнинг тасдиқлашича ўзбек халқининг турмуши ва ҳаётида курашимиз асосий ўйинлардан саналган.
Буюк ҳаким Абу Али ибн Сино “Китоб-ал қонун фит-тиб” асарида курашнинг икки тури ҳақида маълумот беради. Унинг ёзишича, дастлабкисида икки киши бир-бирини белбоғидан ушлаб, ўзига тортиб йиқитмоқчи бўлса, бошқа турида эса, бири иккинчисининг тўни (яктак) ёқасидан, қўлидан ушлаган ҳолда рақибининг оёқларини чалиб, урама ва қайтарма усулларини қўллаб йиқитишга ҳаракат қилган. Ибн Сино таъбирича, бундан минг йил муқаддам ҳам бу хил кураш усуллари маълум бўлган. Бироқ иккала усулда ҳам қўл билан оёқдан олиш таъқиқланган.
Қадимги Бақтрия (Ўзбекистон жануби) ҳудудидан топилган жез даврига, милоддан 1,5 минг йил илгариги замонга оид цилиндрсимон сопол идишда икки полвон ва улардан бири иккинчисини чалаётгани тасвирланган. 
БЕШТА ҚИТЪАДА ЯНГРАЙДИГАН ЎЗБЕКЧА КАЛОМ
Спорт нафақат миллатни бирлаштиради, балки, юксалтиради, улуғлайди ҳам. "Гол", "матч-бол" сўзлари қаторига "ҳалол" сўзини қўшиб қўйсак ҳам бугун кўпчиликка тушунарлидир. Ота-боболаримиз минг-минглаб йиллар илгари кураш тушишган бўлишса-да, юртимизда истиқлол насимлари эса бошлагандан кейин бу спорт тури янада оммалашди. Кураш халқаро ассоциацияси ташкил этилгач, шу давр оралиғида курраи заминнинг 5 та қитъасидаги 100 дан ошиқ давлатларда кураш федерациялари иш бошлади. Бу ҳар бир юртдошимизнинг кўксини ғурурга тўлдириши шубҳасиз. Қувонарли томони, миллий курашимиз спорт оиласига яхлитлигича олиб кирилди. Нафақат усуллар ёки кийинишдаги ўзига хос тартиблар, балки кураш атамалари ҳам ўз ҳолича қўлланила бошланди. Дунёнинг қайси бир чеккасида, қандай тоифадаги кураш мусобақаси бўлмасин унда фақат ва фақат ўзбекча калом янграйди.
Ёпиқ иншоотларда ўтказиладиган Осиё ўйинларида Осиё олимпия қўмитаси томонидан кураш ҳам мустақил спорт тури сифатида ушбу ўйинлар дастуридан ўрин олди. Энди бизнинг тилда гапирадиган, бизнинг каломни тушунадиганлар янада кўпайди.
Маълумот учун: 1992 йилда Ўзбекистонда кураш федерацияси тузилди. 1998 йил 6 сентябрда Тошкентда 28 давлат (АҚШ, Боливия, Буюк Британия, Голландия, Россия, Ўзбекистон, Япония ва ҳоказо) вакиллари томонидан Халқаро кураш ассоциацияси (IKA)га асос солинди. 1999 йил 1 февралда Президентимизнинг "Халқаро кураш ассоциациясини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги Фармони қабул қилинди. Ўша йили Тошкентда миллий курашимиз бўйича биринчи жаҳон чемпионати ўтказилди.