Ўзбекистонлик боксчилар Осиё чемпионатида иккита олтин медални қўлга киритди

Қўшилди: 06 сентябр 2015 11:00
Кўрилди: 1636
Комментарии: 0
Ўзбекистонлик боксчилар Осиё чемпионатида иккита олтин медални қўлга киритди
5 сентябрь куни Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионати ўз якунига етди, деб хабар беради «Оламспорт». 
Ярим финал баҳсларидан сўнг бир йўла 7 нафар ўзбекистонлик боксчи финал йўлланмасини қўлга киритган эди.
Кеча, 5 сентябрь куни ўтказилган финал жангларида ўзбекистонликлардан Хасанбой Дўсматов ва Бектемир Мелиқўзиев мос равишда рақиблари – Роген Ладон (Филиппин) ҳамда Кришан Викаш (Ҳиндистон) устидан ғалабага эришиб, Осиё чемпионига айланди.
Айниқса, ёш Бектемирнинг ғалабасини алоҳида эътироф этиш керак. Ўтган йили ўсмирлар ўртасидаги Нанкин олимпиадасида олтин медалга сазовор бўлган бу умидли, ёш чарм қўлқоп устаси катталар ўртасидаги Осиё чемпионатида барча рақибларидан устун келди.
Қўлидаги жароҳат сабаб Ўзбекистон терма жамоасининг энг тажрибали боксчиси Элшод Расулов финал жангида иштирок эта олмади. Натижада унинг рақиби қозоғистонлик Адилбек Ниязимбетов жангсиз олтин медални қўлга киритди. Афсуски, ўзбекистонлик боксчилардан Шаҳобиддин Зоиров, Муроджон Аҳмадалиев, Фазлиддин Ғоибназаров ва Рустам Тўлагановлар рақибларига имкониятни бой бериб, кумуш медаль билан чекланди.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси 2 та олтин, 5 та кумуш, битта бронза медали билан умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. Қозоғистон терма жамоаси эса 5 та олтин, биттадан кумуш ва бронза медалига эга чиқди. Табиийки, олтин медаллар сонига кўра улар умумжамоа ҳисобида биринчи бўлди. Медалларни сони бўйича эса Ўзбекистон биринчи! 
Энди бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг биринчи рақамли боксчилари 5 октябрь куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида старт оладиган жаҳон чемпионатига тайёргарликни бошлайди. Ушбу жаҳон чемпионати бевосита Рио—2016 Олимпиадасига йўлланмалар бериши билан аҳамиятлидир.