Ҳакамни тепгани учун «Хотира-79» футбол клуби бошлиғи мавсум охиригача дисквалификация қилинди

Қўшилди: 30 август 2015 15:00
Кўрилди: 1634
Комментарии: 0
Ҳакамни тепгани учун «Хотира-79» футбол клуби бошлиғи мавсум охиригача дисквалификация қилинди
Тартиб-интизом Қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон профессионал футбол лигаси матбуот хизмати. 
Чемпионат
 «Қизилқум»га қарши 18-тур ўйинида рақибига оёқ билан зарба бергани учун «Динамо» ҳимоячиси Акмал Бозоров учта ўйинга четлатилди ва жаримага тортилди.
«Олмалиқ» ҳужумчиси Шавкат Саломов ҳамда «Машъал» дарвозабони Ботир Носиров 19-тур доирасидаги «Олмалиқ» – «Машъал» учрашуви якунлангач ўзаро жанжаллашгани учун жаримага тортилди ва огоҳлантирилди. Шунга ўхшаш ҳолат такрорланадиган бўлса жиддий чора кўрилади.
Кубок
 «Насаф»га қарши Ўзбекистон Кубоги 1/2 финали дастлабки учрашувида ҳакамни ҳақорат қилгани учун майдондан четлатилган «Локомотив» ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов 3 та ўйинга дисквалификация қилинди ва жаримага тортилди.
Биринчи Лига
 «Хотира-79» ҳужумчиси Д.Абдужабборов иккинчи босқич 1-туридан ўрин олган «Зомин» клубига қарши учрашувдаги тажовузкор хатти-ҳаракатлари учун 3 та ўйинга дисквалификация қилинди.
«Хотира-79» ҳужумчиси Соҳиб Абдуллаев иккинчи босқич 1-турида «Зомин»га қарши ўйинда учрашув ҳакамини ҳақорат қилгани учун 3 та ўйинга дисквалификаци қилинди.
«Хотира-79» клуби бошлиғи Илҳом Отавалиев «Зомин»га қарши иккинчи босқич 1-тур учрашуви якунлангач ҳакамга оёғи билан зарба бергани учун 2015 йилги мавсум охиригача дисквалификация қилинди.
«Обод» ҳимоячиси Камолиддин Тожибоев иккинчи босқич 1-турида «Косонсой»га қарши учрашувда тўп учун курашда рақибига нисбатан атайин зарба бергани учун иккита ўйинга четлатилди ва жаримага тортилди.
«Насаф-2» ҳужумчиси С. Есибаев иккинчи босқич 1-тури доирасидаги «Ёзёвон-Лочинлари»га қарши учрашувдаги тажовузкор хатти-ҳаракатлари учун 3 та ўйинга четлатилди.
«Пахтакор-2» ҳужумчиси Беҳзод Ғанижонов «Насаф-2» клубига қарши иккинчи босқич 3-тур учрашувида ҳакамни ҳақорат қилгани учун 3 та ўйинга четлатилди.