“Шарқ тароналари” фестивалида 66 мамлакатидан 370 дан ортиқ вакиллар иштирок этади

Қўшилди: 21 август 2015 17:00
Кўрилди: 2790
Комментарии: 0
“Шарқ тароналари” фестивалида 66 мамлакатидан 370 дан ортиқ вакиллар иштирок этади
Самарқандда бу йил ўнинчи бор ташкил этилаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалини юксак савияда ўтказишга ҳар томонлама пухта ҳозирлик кўрилмоқда, дея хабар бермоқда ЎзА. 
Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тузилган гуруҳлар томонидан иштирокчиларни кутиб олиш, меҳмонхоналарга жойлаштириш, овқатлантириш, транспорт хизмати кўрсатиш, гид-таржимонлар билан таъминлаш, вилоят бўйлаб саёҳатлар уюштириш, илмий-назарий конференция ўтказиш, ижодий учрашувлар ташкил этиш, тадбирларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Самарқанд давлат чет тиллар институтида фестиваль матбуот маркази ташкил этилиб, журналистларнинг самарали ишлаши учун барча шароит яратилди.
– Бу йилги фестивални 200 дан ортиқ хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари ёритиши кутилмоқда, – дейди матбуот маркази ходими, Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси директори ўринбосари Дилмурод Исматов. – Уларни меҳмонхоналарга жойлаштириш, тадбирларда иштирокини таъминлаш, маълумот олиши ва тезкор узатиши учун зарур чора-тадбирлар кўрилди. Марказ замонавий ахборот технологиялари билан таъминланди. Интернет алоқаси, “Wi-Fi” тизими йўлга қўйилди. Фестиваль тарихи ҳақида видеороликлар, фотолавҳалар, маълумотлар базаси яратилган. Оммавий ахборот воситалари ходимларига қулайлик яратиш мақсадида Регистон майдонида, “Ориент стар Кўксарой” меҳмонхонасида интервью олиш жойлари ташкил этилди. Айни пайтда матбуот маркази ходимларининг навбатчилиги йўлга қўйилиб, фестиваль билан боғлиқ кундалик маълумотлар тўпланмоқда ва оммавий ахборот воситаларига етказилаётир.
Фестивалга тайёргарлик юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида журналистларга маълумот бериш мақсадида матбуот марказида масъул ходимлар иштирокида матбуот анжуманлари ва брифинглар ўтказилмоқда. Ташкил этилган навбатдаги тадбирда фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича вилоят ишчи гуруҳи аъзоси, “Ўзбектуризм” миллий компанияси Самарқанд вилояти бўлими раиси Илҳом Сувонов маълумот берди.
Сўнгги маълумотларга кўра, бу галги фестивалда дунёнинг 66 мамлакатидан 370 дан ортиқ вакиллар иштирок этиши кутилмоқда. Улар орасида Бутан, Португалия, Комор ороллари, Коста-Рика, Маврикия, Мавритания, Перу, Словения, Эквадор давлатлари санъаткорлари илк бор мазкур санъат анжумани қатнашчилари бўлади. Фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлар учун “Ориент стар Кўксарой”, “Регистон плаза”, “Регал палас” меҳмонхоналарида жойлар ҳозирланди. .
Фестиваль доирасида “Регистон плаза” меҳмонхонасида ўтказиладиган “Шарқ халқлари мусиқа маданиятининг муштараклиги” мавзусидаги илмий-назарий конференцияни юқори савияда ташкил этиш учун барча имкониятлар сафарбар этилган. Анжуман давомида хорижлик ва маҳаллий санъатшунос олимлар томонидан бир қатор тақдимотлар, ёшлар учун маҳорат машғулотлари ўтказиш режалаштирилган.
Фестиваль кунлари Самарқанд ҳунармандлар маркази ва Тиллакори мадрасасида халқ амалий санъати асарлари ва ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмалари, “Чорсу” галереясида самарқандлик рассомларнинг асарлари намойиши ўтказилади.