Аёллар дзюдоси тарихида илк марта Ўзбекистон вакиласи жаҳон чемпионати олтин медалини қўлга киритди

Қўшилди: 07 август 2015 14:00
Кўрилди: 1494
Комментарии: 0
Аёллар дзюдоси тарихида илк марта Ўзбекистон вакиласи жаҳон чемпионати олтин медалини қўлга киритди
Босния ва Герцеговинанинг Сараево шаҳрида кадетлар ўртасида бошланган жаҳон чемпионатининг биринчи кунидаёқ Ўзбекистон терма жамоаси хазинаси олтин медаль билан бойиди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати. 
Эътиборлиси, жаҳон чемпионатининг олтин медалига қизлар ўртасида ўтказилган мусобақада Диёра Келдиёрова (-48 кг) сазовор бўлди. Бунга қадар Ўзбекистон вакиллари орасида (хотин-қизлар) фақатгина Гулноза Матниёзова 2009 йили жаҳон чемпионатининг кумуш медалига сазовор бўлган. Демак, Диёранинг Сараево татамиларида эришган натижаси Ўзбекистон спортининг тарихи саҳифаларига битилади. 
Дунёнинг 59 давлати вакиллари иштирокида ўтаётган мазкур жаҳон чемпионатида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган Диёра саралаш босқичида Венгрия, Голландия ва Бразилия терма жамоа аъзоларини мағлуб этиб, ярим финалда Туркия, ҳал қилувчи финал беллашувида эса голландиялик Жориен Виссерни муддатидан аввал мағлуб этди. 
Жумладан, туркиялик спортчини енгиш учун 1 дақиқа-ю 20 сония, голландиялик дзюдочини мағлуб этиш учун эса 1 дақиқа-ю 39 сония етарли бўлди.