“Болажонлар-болаларга” акцияси халқаро даражага кўтарилмоқда

Қўшилди: 14 август 2013 22:48
Кўрилди: 16206
Комментарии: 0
“Болажонлар-болаларга” акцияси халқаро даражага кўтарилмоқда
В.Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида “Болажонлар – болаларга!” хайрия акцияси доирасидаги навбатдаги концерт бўлиб ўтди.         «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган концертда мазкур лицейнинг Ўсмирлар симфоник оркестри ҳамда Жанубий Кореянинг Сеул шаҳридаги Ёшлар оркестри иштирок этди. Кореядан ташриф буюрган мусиқачилар гуруҳини Pushkin House симфоник оркестрининг 34 нафар ёш мусиқачилари, раҳбар Ким Сон Мен, дирижёр Ли Кон Су ва истеъдодли кореялик актёр Хван Гонлар ташкил этади. 
Мазкур лицейнинг Ўсмирлар симфоник оркестри мамлакатимизда ўтказилаётган турли санъат байрамлари, мусиқа фестиваллари, маданий-маърифий тадбирларнинг доимий иштирокчисидир. Хорижий мамлакатлардаги болалар ва ўсмирлар мусиқа жамоалари билан кенг ҳамкорликнинг йўлга қўйилгани ёш ижрочиларнинг ўзаро фикр алмашиши ва ижодий мулоқотига хизмат қилмоқда.     

«Болажонлар – болаларга!» акцияси 2005 йилдан буён мунтазам ўтказиб келинмоқда. Ундан тушган маблағ қон хасталиги билан оғриган болаларни даволашда қўлланиладиган дори-дармонлар харидига йўналтирилмоқда.

Концертда ўзбек ва жаҳон бастакорлари асарларидан намуналар ижро этилди. Бундан ташқари иштирокчилар Тошкентдаги Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтида даволанаётган болалар учун ҳам махсус концерт дастурини уюштиришни режалаштиришган.
Симфоник оркестлар иштирокидаги навбатдаги концерт Сеулда “Болажонлар-болаларга” акциясининг янги дўстлари даврасида ўтказилади.