Ислом Каримовнинг Жанубий Кореяга ташрифи доирасида 7,7 млрд. долларлик 60 та ҳужжат имзоланди

Қўшилди: 29 май 2015 13:00
Кўрилди: 1484
Комментарии: 0
Ислом Каримовнинг Жанубий Кореяга ташрифи доирасида 7,7 млрд. долларлик 60 та ҳужжат имзоланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг таклифига биноан 27 май куни давлат ташрифи билан Сеул шаҳрига келди.
ЎзА хабар беришича, ташрифнинг иккинчи куни Ислом Каримов Корея Республикаси мустақиллиги йўлида жон фидо қилган қарийб 170 минг одам хоки қўйилган Миллий ёдгорлик мажмуини зиёрат қилди.
Шундан сўнг, давлат раҳбари Корея Республикаси раҳбарининг “Чонг Ва Дэ” (“Мовий сарой”) қароргоҳида расмий кутиб олинди.
Пак Кин Хэ Ислом Каримов Ўзбекистон Президенти этиб қайта сайланганидан кейин давлат ташрифи билан биринчи бўлиб Жанубий Кореяга келгани ушбу мамлакат халқи учун қувончли воқеа, томонларнинг олий даражадаги анъанавий мулоқотларни давом эттириш ва янада ривожлантиришга қатъий интилиши ифодаси бўлганини алоҳида таъкидлади.
Президентлар мулоқоти икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом этди. Томонлар савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга оид масалаларни муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида Президентлар Ислом Каримов ва Пак Кин Хэ Қўшма декларацияни имзоладилар.
Давлат раҳбарлари иштирокида йирик инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш, ишлаб чиқариш технологияларини ривожлантириш, табиий газдан олефин ишлаб чиқариш, таълим тизимига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, вазирликлар ва идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир қатор ҳужжатлар қабул қилинди.
Президент Ислом Каримовнинг ташрифи доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техникавий ва бошқа соҳаларга оид умумий қиймати қарийб 7,7 миллиард АҚШ долларига тенг 60 ҳужжат имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Корея Республикасига давлат ташрифи давом этмоқда.