Марказий банк: Тўлов тизимидаги такомиллашув нақд айланмани қисқартирмоқда

Қўшилди: 15 май 2015 18:00
Кўрилди: 1230
Комментарии: 0
Марказий банк: Тўлов тизимидаги такомиллашув нақд айланмани қисқартирмоқда
2015 йилнинг дастлабки уч ойида 1,1 мингта янги тадбиркорлик субъектлари инкассация хизматига жалб этилди ва уларнинг умумий сони 115,6 мингтани ташкил этди, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси Марказий банки расмий сайти. Бунинг учун республика бўйича 603 та инкассация йўналишлари очилган.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистон бўйича салкам 14 млн дона пластик карточка муомалага чиқарилган. Электрон ҳамёндан тўловларни узлуксиз қабул қилиш учун тижорат банклари томонидан 163 мингдан ошиқ чакана савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари тўлов терминаллари билан таъминланди. Тўлов терминалларини чекка ҳудудлардаги чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига ҳам ўрнатиш, эскиларини янгиси билан алмаштириш чоралари кўриб борилмоқда. Аҳоли гавжум жойларда 2 мингга яқин кўпфункцияли инфокиоск ва банкоматлар ўрнатилди.
Пластик карточка эгалари ундан универсал тўлов воситаси сифатида фойдаланиб, кундалик эҳтиёжи учун зарур бўлган озиқ-овқат ва маиший маҳсулотлар, пуллик, шунингдек, коммунал хизматлар учун тўловларни ҳар қандай масофадан туриб, исталган вақда амалга оширишлар мумкин. Бундай қулайлик савдо ва сервис соҳаларидан тушумлардаги улушни 50 фоизга етказиш, охирги беш йил мобайнида эса бутун тўловлар ҳажмини 3 марта ошишига шароит яратди. Таъкидлаш ўринлики, ҳозирги пайтда ҳар ойда ўртача 1,8 трлн сўмдан ортиқ товарлар ва хизматлар, шунингдек, 187 млрд сўм миқдоридаги коммунал тўловлар электрон тизимлар орқали амалга оширилмоқда.
Пластик карточкалардан фойдаланиш инфратузилмасини янада кенгайтириш мақсадида ҳозирги пайтда Марказий банк томонидан «Чакана тўловларни реал вақт режимида амалга ошириш клиринг тизимини яратиш ҳамда хизмат кўрсатувчиларнинг биллинг тизими билан интеграллашуви» лойиҳасининг иккинчи босқичи амалга оширилмоқда. Биринчи босқичда Марказий банк ҳузурида Ҳисоб-китоб банкини ташкил этиш ва банк мижозларининг мажбуриятлари бўйича банкларнинг вакиллик ҳисобварақларини тўғридан-тўғри дебетлаш механизми йўлга қўйилди.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида Клиринг тизими билан Давлат солиқ қўмитаси ахборот тизими, «Ўзбекэнерго» ва «Ўзтрансгаз» акциядорлик компаниялари, Beeline мобил алоқа операторининг биллинг тизимлари интеграция қилиниб, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар, электр ва газ истеъмоли бўйича тўловларни реал вақт режимида амалга ошириш имконияти яратилди.
Ҳозирги пайтда Клиринг тизими фаолиятини кенгайтириш учун «Ўзтелеком», Узонлине, Uzmobile, Ucell, Perfectum Mobile телекоммуникация корхоналари, «Сувсоз», «Иссиқлик қуввати», «Махсустранс» унитар корхоналари биллинг тизимлари билан уланиш борасида тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, тижорат банклари томонидан Молия вазирлиги билан биргаликда бюджет ташкилотлари ишчи-хизматчиларининг иш ҳақи қайдномаларини UzASBO дастуридан фойдаланган ҳолда хизмат кўрсатувчи банкда очилган Uzcard EMV пластик карталарига электрон шаклда юбориш имконини берувчи янги тизим яратилмоқда.