“Асака” банки рақобатчиликка зид хатти-ҳаракатларда айбланмоқда

Қўшилди: 16 апрел 2015 16:00
Кўрилди: 1231
Комментарии: 0
“Асака” банки рақобатчиликка зид хатти-ҳаракатларда айбланмоқда
Kun.uz'нинг қайд этишича, Давлат рақобат қўмитаси хусусий суғурта компаниясининг “Асака” давлат акциядорлик тижорат банкига қарши даъвосини кўриб чиқди.
Даъвогар банкни рақобатчилик муҳитига зид хатти-ҳаракатларда айбламоқда. Жумладан, арзномада таъкидланишича, банк суғурта компаниясининг “Асака” давлат акциядорлик тижорат банки томонидан ўрнатилган суғурта лимитининг тугаганлигини сабаб қилиб кўрсатган ҳолда мижознинг кредит асосида сотиб олаётган техника учун суғурта шартномасини қабул қилишдан бош тортган. Бундан ташқари, банк вакиллари мижозга ўзлари таклиф қилган 6та суғурта компаниясидан бири билан суғурта шартномасини тузишни тавсия қилишган.
Қўмита матбуот хизматининг тушунтиришича, банк бошқаруви суғурта компанияларининг барқарорлиги ва ишончлилигини баҳолаш методикасини ишлаб чиққан бўлиб, шу асосда бу компаниялар учун тегишли суғурталаш лимитлари белгиланган. Аммо бу методика Марказий банк бошқаруви томонидан 2011 йил 7 майидаги 14/2 рақамли қарор билан тасдиқланган тижорат банкларида банк таҳдидларини бошқариш тўғрисидаги низомга зид келади. Шунингдек, “Асака” банкининг хатти-ҳаракатлари “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига зид келади.
Шу муносабат билан Давлат рақобат қўмитаси банкка нисбатан иш қўзғатган ҳамда суғурта компанияларига нисбатан лимитлар белгиламаслик ва ички ҳужжатларни рақобат бўйича қонунчиликка мувофиқлаштириш тўғрисида кўрсатма берилган.