Ўзбекистонлик шахматчи жаҳон кубогига даъвогар

Қўшилди: 14 август 2013 22:45
Кўрилди: 5210
Комментарии: 0
Ўзбекистонлик шахматчи жаҳон кубогига даъвогар
Норвегиянинг Тромсё шаҳрида шахмат бўйича давом этаётган жаҳон кубогининг биринчи турини ўз фойдасига ҳал қилган халқаро гроссмейстеримиз Антон Филиппов кейинги босқичга чиқди. Халқаро шахмат федерацияси – ФИДЕ томонидан ташкил этилган мусобақада 128 нафар спортчи дона сурмоқда. Қоидага кўра, шахматчилар ҳар турда иккитадан учрашув ўтказади. Партияларнинг умумий натижасида дуранг қайд этилса, ғолиб “тай-брейк”да аниқланади. Мағлуб мусобақани тарк этади. Жаҳон кубоги финалчилари 2014 йили номзодлар турнирига йўлланма олади. Номзодлар турнири – жаҳон чемпионлиги учун курашиш имконини берадиган ягона мусобақа. Унинг ғолиби амалдаги жаҳон чемпиони – ҳиндистонлик Вишванатан Ананд билан жаҳон шахмат тожи учун баҳслашади. Жаҳон кубогида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган уч карра Осиё чемпиони Антон Филиппов биринчи турда россиялик Евгений Романовга қарши дона сурди. Дастлабки партияда 34-юришдан сўнг дуранг қайд этилди. Иккинчи учрашувда қора доналарда ўйнаган гроссмейстеримиз 50-юришдан сўнг рақибини мағлубиятга учратди. Икки ўйинда 1,5:0,5 ҳисобида зафар қучган ҳамюртимиз кейинги даврага ўтди.