Осиё каноэ конфедерацияси иккита йирик мусобақани Самарқандда ўтказишга қарор қилди

Қўшилди: 14 август 2013 22:44
Кўрилди: 16241
Комментарии: 0
Осиё каноэ конфедерацияси иккита йирик мусобақани Самарқандда ўтказишга қарор қилди
Осиё каноэ конфедерацияси шу йил сентябрь ойида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича катталар ўртасида  Осиё чемпионатини ва октябрь ойида ўсмирлар ўртасида академик эшкак эшиш бўйича қитъа биринчилигини Самарқандда  ўтказишга қарор қилди. Академик эшкак эшиш бўйича Осиё биринчилигида қитъамизнинг ёш спортчилари совринли ўринлар билан бир қаторда 2014 йили Хитойнинг Нанкин шаҳри мезбонлик қиладиган ўсмирлар ўртасидаги II Олимпия ўйинлари йўлланмалари учун курашади. Эслатиб ўтамиз ўтган йили Самарқанддаги Республика эшкак эшиш канали тўла реконструкция қилинган. Умумий майдони 84,5 гектарни ташкил этадиган Республика эшкак эшиш канали узунлиги 2215 метр ва эни 130 метрлик асосий ҳамда 2215 метр узунлик ва 58 метр кенгликдаги айланма каналга эга. Мажмуа биносида қарийб 100 ўринли меҳмонхона, 64 ўринли ошхона, мажлислар зали, ҳакамлар хонаси ва бошқа ёрдамчи хоналар,  қирғоқда икки минг ўринли  томошабинлар жойи қурилди. Ушбу йирик спорт иншоотининг старт ва финиш чизиқлари Германиянинг “IMAS” фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган замонавий электрон тизим билан таъминланган. 2012 йилнинг 18-22 октябрь кунлари байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича «Самарқанд юлдузлари» халқаро мусобақаси айнан мана шу каналда ўтказилган эди.
Фото: Муҳаммад амин (ЎзА)