80 мингга яқин доллар ноқонуний олиб ўтилишининг олди олинди

Қўшилди: 14 ноябр 2014 15:20
Кўрилди: 4307
Комментарии: 0
80 мингга яқин доллар ноқонуний олиб ўтилишининг олди олинди
Ўзбекистон божхоначилари томонидан божхона чегаралари орқали нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олиш борасида мунтазам чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати pressnews.uz'га хабар берди.
Жумладан, Самарқанд халқаро аэропортида божхоначилар томонидан «Самарқанд−Санкт-Петербург» йўналишидаги авиарейс билан учиб кетаётган ургутлик Маликанинг (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) қинғир қилмишларига нуқта қўйилди. Қаранг-ки, бу аёл ички кийимларига яширганча 5500 АҚШ долларини олиб чиқишга уринган экан.
Шунингдек, Россия Федерациясига йўл олган яна бир фуқаро – булунғурлик Барчиной ҳам нақд хорижий валюталарни яширинча олиб чиқишнинг худди шу «усули»ни қўллаб, панд еди. Шахсий кўрикдан ўтказиш натижасида бу аёл салкам 28,5 минг АҚШ долларини божхона назоратидан беркитгани фош бўлди.
Андижон вилояти «Маданият» чегара-божхона пости орқали чиқиб кетаётган қўшни давлат фуқароси Муаттар ҳам қоидабузарликнинг юқоридаги кўринишини танлади. Яъни, божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилиш мақсадида яширинча олиб ўтишга уринган 10 минг АҚШ долларини ички кийимлари орасига беркитди.
Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Келес» темир йўл божхона пости ходимлари томонидан ҳам шу турдаги бир нечта қонунбузарлик ҳолатларининг олди олинди. Жумладан, «Олма-ота−Нукус» йўналишидаги поезд йўловчиси − нукуслик Азизбек қўл юклари орасидаги 7100 АҚШ доллари ҳақида йўловчи божхона декларациясида ёки божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилишни гўёки «унутиб» қўйибди.
«Тошкент−Москва» йўловчи поезди билан юртимиздан чиқиб кетаётган қаршилик Замиранинг безовталанишини божхоначиларнинг шубҳаланишига сабаб бўлди. Амалдаги тартибларга мувофиқ ушбу аёл холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганда, кийимлари остидан 12 минг АҚШ доллари ҳамда 20 минг Россия рублини белига боғлаб олгани аниқланди.
«Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан украиналик Валерияинг қинғир қилмишларига нуқта қўйилди. Ростов шаҳрига парвози олдидан ушбу аёл шахсий кўрикдан ўтказилганда, ички кийимлари орасига 14,5 минг АҚШ долларини яшириб,олиб ўтишга урингани фош бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибларга мувофиқ, республикамизда резидентларга 2000 АҚШ доллари эквивалентидаги нақд хорижий валюталарни йўловчи божхона декларациясида ёзма қайд этиш шарти билан эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади. Бундан ортиқ миқдордаги нақд валюталарни олиб чиқиш учун эса ваколатли банклар ёки Марказий банкнинг ўрнатилган тартибдаги рухсатномаси талаб этилади.
Норезидентларга эса Ўзбекистонга кириб келаётганда ўзи билан олиб келган ҳамда божхонага тақдим этилган йўловчи божхона декларациясида қайд этилган миқдордаги хорижий валютани олиб чиқишларига рухсат берилган.