Жаҳон мамлакатлари ривожланганлик рейтингида Ўзбекистон Россияни ортда қолдирди

Қўшилди: 04 ноябр 2014 11:50
Кўрилди: 4531
Комментарии: 0
Жаҳон мамлакатлари ривожланганлик рейтингида Ўзбекистон Россияни ортда қолдирди
Буюк Британиянинг Legatum Institute тадқиқот маркази томонидан жаҳон мамлакатлари ривожланганлик рейтинги чоп этилди. Бу ҳақда Daryo.uz хабар бермоқда.
Рейтингида биринчи ўринни кетма-кет олтинчи йил Норвегия эгаллаган. Кейинги поғоналарда Швейцария, Янги Зеландия, Дания, Канада, Швеция, Австралия,Финландия, Нидерландия ва АҚШ каби давлатлар бормоқда.
Эътиборлиси, Ўзбекистон ушбу рейтингда 57-поғонани эгаллаб турибди. Бу рейтинг эълон қилина бошланган 2009 йилдан бери Ўзбекистоннинг энг юқори кўрсаткичидир. Бунгача Ўзбекистон 2009 йилда 65, 2010 йилда 76, 2011−2012 йилларда 64 ва 2013 йилда 63-ўринда кўрсатилган.
МДҲ мамлакатларидан Қозоғистон 55, Украина 63, Россия 68, Қирғизистон 74, Озарбайжон 79, Тожикистон 94-ўринларда кўрсатилган. Рейтингнинг сўнгги поғоналарида Гаити, Того, Афғонистон, Яман, Бурунди, Конго Демократик Республикаси, Чад ва Марказий Африка Республикаси бормоқда.
Кўплаб ривожланган мамлакатлар вакиллари томонидан юқори баҳоланган ушбу рейтинг давлатларнинг макроиқтисодий кўрсаткичлари, ялпи ички маҳсулот миқдори, шунингдек, мамлакат ривожланишига ҳисса қўшадиган алоҳида омиллар каби 89 та турли йўналиш таҳлили асосида тузилади.
Иқтисодиёт, тадбиркорлик, бошқарув, таълим, соғлиқни сақлаш, хавфсизлик, шахс эркинлиги ва ижтимоий капитал бўйича алоҳида рейтинглар ҳам тузилган. 2014 йилги рейтингдан жами 142 давлат ўрин олган.