Бюджет маблағидан ноқонуний фойдаланганлар аниқланди

Қўшилди: 20 ноябр 2013 18:02
Кўрилди: 2371
Комментарии: 0
Бюджет маблағидан ноқонуний фойдаланганлар аниқланди
Жорий йилнинг тўққиз ойида Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси республика ҳамда маҳаллий бюджетлардан маблағ билан таъминланадиган бир юз етмишдан ортиқ объектни биргаликда режали текширувдан ўтказди. 

Ўн тўртта олимпия захиралари коллежида ўтказилган текширувлар натижасида харид қилинадиган истеъмол товарлари нархи ошириб кўрсатилгани, иш ҳақи асоссиз тўлангани ва бошқа молиявий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди.  Чирчиқ олимпия захиралари коллежида кундалик озиқ-овқат маҳсулотларини бериш бўйича белгиланган нормаларга риоя этмаслик оқибатида озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиш учун 238,3 миллион сўм, Урганч олимпия захиралари коллежида эса 129,8 миллион сўм ортиқча сарфланишига йўл қўйилган, дея хабар беради ЎзА. Ўн тўртта олимпия захиралари коллежида ўтказилган жами текширувлар бўйича давлат бюджетига 2,2 миллиард сўм зарар етказилгани аниқланди ва бугунги кунда етказилган зарар тўлиқ ҳажмда ундирилди. Наманган ва Сурхондарё вилоятлари маҳаллий бюджети ижроси бўйича ўтказилган назорат-таҳлил ишлари натижаларига кўра, қиймати 0,9 миллиард сўмлик солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар қўшимча ҳисобланган. Бундан ташқари, ушбу вилоятларда амалга оширилган назорат-таҳлил ишлари натижасида ижтимоий объектлар қуришда 514,0 миллион сўм, инфратузилма объектларини барпо этишда 669,0 миллион сўм ва қурилишда 3,3 миллиард сўм ноқонуний ўзлаштирилган ҳолатлар аниқланди. Масалан, Сурхондарё вилояти Узун туманида «Махсус қурилиш таъмин бутлаш» масъулияти чекланган жамияти пудрат ташкилоти томонидан 360 ўқувчига мўлжалланган ва 150 ўринли ётоқхонага эга хизмат соҳаси касб-ҳунар коллежини қуришда ишлар ҳажми 67,7 миллион сўмга ошириб кўрсатилган. Шу билан бирга, «Жанубгазмахсусмонтаж» унитар корхонаси пудрат ташкилоти Наманган вилояти Косонсой туманида «Обод» сув чиқариш иншоотини қуришда қурилиш материаллари нархи, механизмлар ва қурувчиларнинг бир соатлик иш қиймати ошириб кўрсатилгани сабабли 244,4 миллион сўм ортиқча олинган. Наманган вилояти Поп, Чуст ва Чортоқ туманларининг қишлоқ жойларида уй-жой қуришда ишлар ҳажми 155,6 миллион сўмга ва сифатсиз бажарилган ишлар ҳажми 14,6 миллион сўмга   ошириб ёзилгани аниқланди. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимини текшириш давомида қурилиш ишлари ҳажми, шунингдек, материаллар ва ишлатилган электр энергияси нархи ошириб кўрсатилгани маълум бўлди. Мисол учун, «Фарғона шаҳридаги Марғилонсой каналини реконструкция қилиш» объектида бир квадрат метр металл тўсиқ нархи 28,4 минг сўмга асоссиз равишда ошириб кўрсатилгани оқибатида объектнинг бошланғич қиймати 527,5 миллион сўмга кўпайган. Тошкент шаҳридаги Анҳор каналини реконструкция қилишда нархлар оширилиши натижасида «Паркентсувқурилиш» очиқ акциядорлик жамияти пудрат ташкилоти томонидан 77,2 миллион сўм ортиқча олинган. Бугунги кунда қонунбузарлардан 1,8 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ундирилди. Бюджет маблағларидан ноқонуний фойдаланиш ва уларни ўзлаштириш билан боғлиқ аниқланган барча ҳолатлар бўйича текширув материаллари қонунчиликка мувофиқ чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди.  Бюджетдан маблағ билан таъминланадиган корхона, ташкилот ва идоралар раҳбарлари ҳамда молия ходимлари бюджет маблағларидан нотўғри ва мақсадсиз фойдаланилган ҳар бир ҳолат учун қонунга мувофиқ жавоб беришга тўғри келишини эсдан чиқармаслиги даркор.