Битирувчиларнинг бизнес ғояларини молиялаштиришга банклар томонидан 69 млрд. сўм ажратилди

Қўшилди: 14 август 2013 22:35
Кўрилди: 14711
Комментарии: 0
Битирувчиларнинг бизнес ғояларини молиялаштиришга банклар томонидан 69 млрд. сўм ажратилди
Миллий матбуот марказида Марказий банк томонидан “Коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар ва истиқболдаги вазифалар” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш борасида комплекс чоралар кўрилаётганлиги таъкидланди.

Жорий йилнинг ўтган давр мобайнида тижорат банклари томонидан кичик бизнес субъектларига тақдим этилган 690 та имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар бўйича жами 66,4 млрд сўм миқдорида кредитлар ажратилди, шундан 419 нафар касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг 9,2 млрд сўмлик, 149 нафар тадбиркор аёлларнинг 7 млрд сўмлик бизнес лойиҳалари молиялаштирилди.

Шу билан бирга таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминланаётган бизнес субъектлар молиявий қўллаб-қувватланмоқда. Тижорат банклари томонидан битирувчиларнинг бизнес ғояларини молиялаштиришга шу йилнинг ўтган 7 ойида 69 млрд. сўм ёки ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 2,6 баробар кўп кредитлар ажратилган.

Таъкидлаш ўринлики, ушбу кредитлар уларга соддалаштирилган тартибда (ариза, бизнес-режа, гаров таъминоти етмаса –яқин қариндошларининг кафолатига асосан) тақдим этилмоқда.

Амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида кичик бизнес субектларига ажратилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар ошиб, шу йил 1 август ҳолатига кўра 4,3 трлн. сўмни ташкил этди.

Жумладан, микрокредитлар ҳажми 867 млрд. сўмни ташкил этиб, бу кўрсаткич ҳам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 1,4 баробар ошиши таъминланди.