Тошкентдаги баъзи кинотеатрлар ўрнида турли цехлар фаолият кўрсатаётганлиги маълум бўлди

Қўшилди: 24 феврал 2014 11:25
Кўрилди: 13368
Комментарии: 0
Тошкентдаги баъзи кинотеатрлар ўрнида турли цехлар фаолият кўрсатаётганлиги маълум бўлди
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги раҳбарияти Тошкент шаҳридаги кинотеатрлар раҳбарлари  билан учрашув ўтказиб, уларни фаолиятини яхшилаш борасида амалий ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича фикр алмашди.

Агентлик бош директори Жаҳонгир Қосимов бугунги кунда пойтахтдаги аксарият кинотеатрлар кинофильмлар намойиши билан шуғулланмаётгани, мавжуд 15 та кинотеатрдан (Киночилар уйи билан А.Навоий номидаги кино саройини истисно қилганда) фақат 5 таси лицензия олиб, кино намойиши билан шуғулланаётгани, қолганлари эса  ё ишламаётгани, ёки биносидан асосий фаолият тури қолиб, (масалан, “Фарангиз Юлдузи” МЧЖга қарашли “Шарқ кинотеатрида ўсимликлардан дори тайёрлаш цехи фаолият кўрсатмоқда) бошқа   мақсадларда фойдаланилаётганидан ташвиш билдирди.

Давра суҳбатида, шунингдек, ягона фильм намойиши тизими йўқлиги сабабли республикада ҳар йили ишлаб чиқарилаётган 70 га яқин кинофильмнинг намойишини ташкил қилишда бир қанча муаммолар мавжудлиги билдирилди.

Маълум қилинишича, бугунги кунда ишлаб турган кинотеатрлар кинозалларининг жами 4000 та ўриндиғи бор. Тошкент шаҳрида 220 минг нафар мактаб, 110 минг нафар коллеж ва лицей ўқувчиси ҳамда 20 минг нафар олий ўқув юрти талабаси борлиги ҳисобга олинса, бу жуда кам. Чунки ёшлар тарбиясида санъатнинг муҳим тури бўлган кинематограф алоҳида ўрин тутади. Шунинг учун “Чилонзор”, “Шарқ”, Қозоғистон” сингари бир неча кинозаллари бор кинотеатрларнинг ҳозирги кунда фаолият юритмаётгани ачинарли ҳолдир.

Ж.Қосимов “Ўзбеккино” Миллий агентлиги хусусий ва турли муассасаларга қарашли кинотеатрларга кино-видео намойиши, фильмларнинг премьерасини уюштиришда амалий ёрдам бериши мумкинлигини ва ушбу кинотеатрлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича тегишли ҳужжат имзоламоқчи эканини билдирди.

У “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмаси билан тасвирга олинган фильмлар, жумладан, яқин кунларда катта экранга чиқиши керак бўлган “Кўргим келади” бадиий фильми премьерасини Тошкент шаҳридаги кинопрокат лицензияси бор барча кинотеатрларда ўтказиш режалаштирилаётганини маълум қилди.

Айни пайтда фаолият кўрсатмаётган ёки фаолият турини ўзгартирган хусусий кинотеатрлар раҳбарларига тез орада зарур маблағ топиб, уларни ишга тушириш ва асосий фаолият тури билан шуғулланишни таъминлаш тавсия қилинди.

Учрашув қатнашчилари ушбу учрашувни анчадан бери кутаётганини айтиб, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги хусусий кинотеатрларга ёрдам қўлини чўзаётганидан мамнуният изҳор қилди.